Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш давлат органларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси
Бугун, 13 сентябрь куни Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали ташаббуси ва вилоят ҳокимлиги ҳамда Адлия бошқармаси ҳамкорлигида вилоятдаги ўрта ва қуйи бўғин давлат хизматчилари учун ўқув-семинари ташкил этилди.
Семинарда айтилганидек, Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифасидир.
Шу мақсадда белгиланган чора-тадбирлар дастурига кўра, давлат фуқаролик хизмати ҳамда суд-ҳуқуқ тизими ходимларининг янги конституциявий талабларга риоя этиш борасидаги билим ва малакасини ошириш учун 3-босқичли дастур ташкил қилинди.
Мақсад — бошқарувда конституциявий нормаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, уларни давлат хизматчисининг ҳар кунлик фаолиятига татбиқ этиш, пировардида "инсон қадри" тамойили асосида халққа хизмат кўрсатишнинг сифат даражасини оширишга эришиш.
Дастурнинг биринчи босқичи ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятидаги бошқарма ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимликлари, шунингдек, маҳаллалардаги жами 3500 нафардан зиёд давлат фуқаролик хизматчилари иштирокида – Янги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан алоҳида график асосида ўқув-семинари ўтказилди.
Ўқув-семинарга Тошкент давлат юридик университетидан тажрибали ҳуқуқшунос экспертлар гуруҳи таклиф этилди.
Семинар дастурига мувофиқ давлат хизматчиларига 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан вазирлик ва идораларда амалга ошириладиган биринчи навбатдаги устувор вазифалар, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосий принциплари, инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳамда жамият ва шахс масалалари, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ҳамда сайлов тизимидаги фундаментал вазифалар тўғрисидаги муҳим йўналишдаги маъруза ва тақдимотлар қилинди.
Раъно Умарова,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали бош инспектори.