Фақат Самарқандда ўтказилаётган жарроҳлик ёки коинот каби сирли жумбоқнинг ечимини топаётган шифокорлар

Машҳур нейрожарроҳлардан бири “Инсон мияси худди тунда юлдузлар қоплаган осмон ва атрофимиздаги коинот каби табиатнинг сирли жумбоғидир”, деган эди. Бу сирли жумбоқни ўрганиш, таҳлиллаш, даволаш каби мушкул масъулиятни бўйнига олаётган шифокорлар шу бугунга қадар саноқли эди.

Бугун уларнинг сони ҳам, бу масъулиятни бўйнига олаётган шифокорларнинг иш фаолиятига эътибор ҳам кўпаймоқда. Хусусан, вилоятда 2022 йилдан бошлаб Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузурида Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази фаолият юритмоқда. Моддий-техник база яхшиланиб, кадрлар салоҳиятига эътибор қаратилди. Ушбу марказ ташкил этилгандан буён нафақат Самарқанд, балки мамлакатимизда илк бор бир неча хил мураккаб операциялар амалга оширилди. Хусусан, паркинсон хасталигини бош мия чуқур тизимига чип-имплантлар ўрнатиш орқали самарали даволаш амалга оширилмоқда. Ушбу операциялар Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузурида Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази  директори Мансур Алиев томонидан амалга оширилаётир. Суҳбатдошимиз -  Самарқанд давлат тиббиёт университети нейрохирургия кафедраси мудири, Осиё, Европа, Америка нейрохирурглар ассоциацияси аъзоси, PhD, доцент Мансур АЛИЕВ.

-Мамлакатимизда илк бор амалга оширилаётган “чип” ўрнатиш орқали даволаш тизимини ўз зиммангизга олаётган пайтда нимадан кўпроқ хавотирландингиз? Умуман, хавотирингиз бормиди ёки буни навбатдаги бир жарроҳлик амалиёти сифатида қабул қилдингизми?

- Аслида жарроҳларда ҳар бир операция олдидан у ёки бу маънода хавотир бўлади. Айниқса, тиббиётнинг мураккаб йўналиши саналмиш нейрожарроҳлик соҳасида. Юқорида тилга олинган хасталик, яъни паркинсонни замонавий даволаш аслида биз анъанавий усулда амалга ошираётган жарроҳлик амалиётларидан кўра бирмунча енгилроқ. Сабаби, у асосан замонавий технологиялар ёрдамида бажарилади, ваҳоланки, бизда бош мия билан боғлиқ қатор жарроҳлик амалиётлари натижаси фақатгина жарроҳнинг тажрибаси, моҳирлигига боғлиқ бўлади. Бундан ташқари, ушбу юқори технологияли операцияни ўтказиш учун марказимизда яратилган ташкилий ишлар, моддий-техник таъминот ва тўғри йўналишлар учун университет маъмурияти, хусусан, раҳбаримиз Жасур Ризаевнинг кўрсатмаларини алоҳида қайд этиш лозим. 

- Яхши биламизки, медицинада нейрохирургия энг нозик ва мураккаб йўналишлардан бири. Айнан шу соҳани танлашингизга бирор сабаб бўлганми? Умуман, шифокорлик болаликдаги орзуингизми ёки ота-онангизни истагими?

Болалагимда ўз билганимча уй ҳайвонларини даволаганим ёдимда. Улар менинг парваришимдан сўнг тузалиб, яна аввалги ҳолига қайтарди. Шунинг учунми ота-онам шифокор бўлишим ҳақида кўп фикр билдиришарди. Кимё, биология фанларини яхши ўзлаштириб, олимпиадаларда юқори ўринларни эгаллай бошлаганимда аллақачон шифокор бўламан, деган қатъий ишончим бор эди.

Умуман, табиатан шунақа феълим бор – ҳар қандай танлов имконияти туғилганда мураккабликни танлаш истаги кучли бўлган. Шифокорлик касбининг ўзи аслида қийин, аммо уни ичидан янада мураккабини танлашимга ҳам шу феълим сабаб бўлган, деб ўйлайман. Мақсадим сари қадам ташлаб, Самарқанд тиббиёт институти талабаси бўлгач, соҳани яхшироқ эгаллашим учун рус тилини мукаммал ўрганишим кераклигини англадим. Ҳали талабалик йилларидаёқ шошилинч тез тиббий ёрдам марказида навбатчиликда турдим. Устозлар ўгитини ўзлаштириш, амалиётда беморлар қабул қилиш каби жараёнлар давомида соҳа ривожида хориж билан алоқаларни яхшилаш муҳимлигини англаб етган ҳолда инглиз тилини ўргандим. Нейрожарроҳлик бўйича устозим Абдураҳмон Мамадалиев этагидан маҳкам тутдим, у кишининг йўл-йўриқлари асосида соҳанинг нозикликларини ўзлаштира бошладим.

- Бу изланишларингиз натижаси Самарқанддаги нейрохирургия соҳасидаги янгиликларга ҳам қайсидир маънода сабаб бўлгани ростми?

- Бугун мамлакатимиз раҳбари томонидан тиббиётга катта эътибор қаратилиши туфайли нейрохирургия соҳаси Самарқандда ҳам катта ўзгаришларга бурилди. Аввало, Президентимизнинг 2022 йил 1 апрелдаги 188-сонли қарори асосида ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети маъмуриятининг қўллаб-қувватлаши ва ташаббуси билан университет ҳузурида нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази ташкил этилди. Ҳозирда 50 ўринга мўлжалланган ушбу марказда 16 нафар нейрохирурглар фаолият кўрсатяпти. Бундан беш олти йил аввал уларнинг сони бор-йўғи 4-5 нафарни ташкил этарди. Шунингдек, 20 нафар талабалар клиник ординатурада айнан шу йўналишда таҳсил олмоқда. Бир пайтлар нейрохирургия соҳасида бир ҳафтада 3-4 та операция амалга оширилган бўлса, бугунга келиб, улар сони ҳар куни 8-10 тани ташкил этяпти ва самарадорлиги юқори бўлган операция ўтказиляпти. Табиийки, бу рақамларни эшитган киши борки, илгари бу хасталиклар бўлмаганми, бўлса қандай даволанган, дея ҳайрон қолади. Табиийки, улар мавжуд эди, аммо уларни самарали даволаш учун етарли шарт-шароит йўқ эди, мутахассис етишмасди.

- Сиз бир неча давлатларда малака ошириб қайтдингиз ва қатор давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ишларида бош-қош бўлдингиз. Бу ҳамкорликлар бугун ўз самарасини бериб, Самарқандда ҳам бу соҳада қатор янгиликлар амалга оширилаётир. Айтингчи, сиз кўплаб давлатлардаги амалиётингиз давомида бизнинг медицинамиз ҳақида қандай хулосаларга эга бўлдингиз? Қандай камчиликларда халос бўлиш керак, деб ҳисоблайсиз?

- Биласизми, биз узоқ йиллар давомида фақатгина яқин атрофимиздаги давлатлар билан ҳамкорликни ўрнатдик ва уларнинг тажрибаси асосида фаолият юритдик. Бу тажриба ҳам аслида катта илмий-амалий мактаб саналади. Аммо кейинги 4-5 йил ичида медицинамиз бошқа соҳалар сингари хориж билан кенг кўламли алоқаларни бошлади ва биз мутахассислар тайёрлашдан тортиб, замонавий технологиялар келтириш каби жараёнларда катта босқичдан ўтдик. Корея, Америка, Хитой, Германия каби давлатларда бир неча ойлаб малака ошириш давомида англадимки, бизнинг тиббиёт ва хориж амалиётидаги энг катта фарқ бу фақатгина замонавий тиббий жиҳозларда. Бугун хориждаги аксар жарроҳлик амалиётлари энг сўнгги русумдаги технологиялар орқали, инсон омили тобора камроқ қўлланилаётган ҳолда амалга оширилади. Бунинг яхши томонлари кўп, албатта. Лекин шифокор фақат техникага суяниб қолаётгани ҳам бор гап. Дейлик, бизнинг шифокорлар технологиясиз амалга ошираётган баъзи жарроҳлик амалиётларини хорижлик ҳамкасбларимиз  қилолмаслиги мумкин. Чунки у ерда клиникалар шунчалик аппаратлаштирилган.

- Лекин биз ҳам бориб-бориб шундай амалиётга келамиз, шундайми?

- Албатта. Бошқа йўл йўқ, чунки бу технологияларнинг йилдан-йилга самарадорлиги ошиб, деярли бехато ишлашга ўтмоқда. Бир пайтлар эпилепсияни жарроҳлик усулида даволаш ҳақида тасаввур ҳам қилмасдик. Бугун ўзимизда бу жарроҳлик амалга ошириляпти.

- Яқин йилларда соҳада амалга оширилиши мўлжалланаётган яна қандай режалар бор?

- Марказ кенгайиб, 150 ўринга мўлжалланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, бугун долзарб бўлган қатор хасталиклар, хусусан, бош мия фаолияти ўсмаларини хирургик даволаш, болалар нейрохирургияси, функционал нейрохирургия, инсультлар хирургияси ва нейрореабилитация каби қатор янги бўлимлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Шу йилнинг ўзида паркинсон хасталигини даволаш бўйича 32 нафар беморга чиплар ўрнатилган бўлса, ҳали минглаб беморлар бу хасталикдан азият чекмоқда. Нафақат мамлакатимиз, балки қўшни республикалардан ҳам даво излаб келаётган беморлар сони кўпаймоқда.

Режаларимиз катта. Масалан, болалар бош мия фалажлигини хирургик даволаш, умуртқа поғонасида нерв толалари шикастланиши билан боғлиқ бўлган хасталикларни ва бошқа кўплаб касалликларни илк бор ўзимизда даволаш учун саъй-ҳаракатлар олиб боряпмиз. Табиийки, бунда давлатимизнинг, вилоят ҳокимлиги, тиббиёт университетимизнинг қўллаб-қувватлови ва ёрдами билан бўлаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.