Паст Дарғомда Диёра Келдиёрова номидаги спорт мактаби ташкил этиладими?

Туманда 400 дан зиёд спорт иншооти бўлиб, шундан иккита спорт мактаби ва битта “Динамо” профессионал футбол мактаби фаолият юритмоқда. Уларда спортнинг 26 туридан 2958 нафар, умумтаълим мактабларида 9 спорт тури бўйича 9800 нафар ўғил-қизлар 120 нафардан зиёд мураббий-ўқитувчи қўл остида машғулотларда иштирок этмоқда.

Паст Дарғом туманида бўлиб, спорт соҳада амалга оширилаётган ишлар, спорт мактабларининг фаолияти билан танишдик.

Туман спортчиларининг 34 нафари миллий терма жамоанинг асосий, 23 нафари захира таркибига қабул қилинган бўлиб, мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Жумладан, шу йилнинг ўтган даврида спортчилар Ўзбекистон чемпионатида 167 та, Осиё, жаҳон чемпионати ва халқаро мусобақаларда 28 та медални қўлга киритган.

Олти Қаҳрамон маҳалласидаги  2-сон спорт мактаби директори Фаррух Хайриддиновнинг айтишича, йилнинг ўтган даврида туманда 200 дан зиёд оммавий спорт тадбирлари ўтказилиб, уларга 63 минг 607 нафар аҳоли жалб қилинган. Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларида 60 минг нафарга яқин ёшларнинг иштироки таъминланган.

Спорт мактабларига қабул жараёнлари ўзгарган

- Жорий йилги ўқув йилидан ўқувчиларни спорт мактабларига қабул қилиш, ҳужжат топшириш, спортчиларни саралаш  жараёнларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди,  - дейди Ф.Хайриддинов. – Олдин 7 ёшдан 20 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг маълумотлари ва уларнинг ота-онаси томонидан аризалар спорт мактаби директорига тақдим этилиб, спорт мактабига қабул қилинарди. Спорт вазирлиги томонидан ишга туширилган ягона электрон платформа орқали жараён соддалаштирилиб, ҳужжатлар онлайн ва давлат хизматлари маркази орқали қабул қилинадиган бўлди. Шу асосда ўқувчиларнинг спорт мактабларига қабул қилиш ёши ҳам 5 ёшдан 30 ёшгача этиб белгиланганди. Жорий йилдан спорт синовлари ва меъёрларидан ўтган иштирокчилар билан бирга, “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида юқори натижаларга эришган ёшлар ҳам спорт турлари бўйича тўгаракларга қамраб олинди.

Тумандаги 1-сон спорт мактабига қарашли учта спорт базаси бор. Булар - “Олимп” сув ҳавзаси, “ТИП-1” ва “ТИП-2” спорт мажмуалари. Сув ҳавзасида 2014 йилгача сувнинг ўзи бўлмаган, 2021 йилгача газ билан иситилган сузиш ҳавзаси 340 миллион сўмдан зиёд қарздорлик борлиги учун газдан узиб қўйилган. Спорт мактаби директори Соҳиб Мамасолиевнинг маълум қилишича, иншоотдаги муаммолар шу йилда бартараф этилиб, сузиш базасига сув чиқарилган ва иситиш тизими ҳам таъмирланган. Шунингдек, Олмазор маҳалласидаги спорт базасида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бироқ ушбу спорт мажмуаси газ билан иситишга мўлжалланган, лекин газ йўқ.

Спорт мактаби ташкил этиш учун лойиҳа, жой бор, фақат...

- Қарийб 30 йилдан буён 1-сон спорт мактабида дзюдо бўйича мураббийлик қиламан, - дейди Хуршида Халикова. - Фаолиятим давомида Ўзбекистон, Осиё, жаҳон ва олимпиада чемпионлари етиштирдим. Айниқса, биринчи шогирдим Диёра Келдиёрова олимпия ўйинлари чемпиони бўлган илк ўзбекистонлик аёл спортчи бўлганидан кейин дзюдо билан шуғулланувчи ёшлар кўпайди. Биз баскетбол учун мўлжалланган битта залда таэквондо, баскетбол, дзюдо ва енгил атлетика машғулотларини олиб борамиз. Аслида бу спорт турларининг ҳар бири учун алоҳида спорт базаси бўлиши керак. Машғулотлар вақтида жуда қийналамиз, жой торлик қилади, овозимиз эшитилмайди, зал ва кийиниш хоналари совуқ. Тўғри, базанинг иситиш тизими янгиланиб, газ билан иситишга мослашган, лекин газнинг ўзи йўқ. Кўмир билан иситишга мослаб таъмирлаш керак. Муассасада шуғулланувчиларнинг аксарияти кураш ва дзюдо машғулотларида қатнашади. Шу боис қўшимча дзюдо зали ёки спорт мактаби ташкил этилса, Диёрага ўхшаган ўнлаб чемпионларни етиштириш мумкин.

Тизимдаги мавжуд муаммоларга ечим топиш ва базамизга ҳар йилда 500 нафардан зиёд ёшлар дзюдо билан шуғулланиш учун келишини ҳисобга олиб, “ТИП-2” спорт мажмуасини қайта реконструкция қилиш орқали Диёра Келдиёрова номидаги спорт мактаби ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Бу бўйича Диёранинг ўзи ҳам таклифларини берди. Лойиҳа туман ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармасига тақдим этилган. Ўйлаймизки, масъуллар туманимиз ёшлари келажагига  бефарқ бўлмайди.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.