Самарқанд шаҳридаги спорт мактабларида қандай муаммолар бор?

Самарқанд шаҳрида тўртта ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасаси ва иккита спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Муассасаларда яратилган шароитлар, спортчилар кўрсатаётган натижалар, иншоотларининг ҳолати, тизимдаги муаммо ва камчиликларни ўргандик.
Дастлабки манзил шаҳарнинг Рудакий кўчасида жойлашган спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби бўлди. Муассасада 55 нафар тренер қўл остида 12 та спорт тури бўйича 1248 нафар ўғил-қиз шуғулланмоқда. Спорт мактабидан Ўзбекистон миллий терма жамоасига 154 нафар спортчи қабул қилинган бўлиб, 2024-2025 ўқув йили давомида спортчилар 232 та олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган.
Аммо спорт мактабида бир неча йиллардан бери ҳал қилинмаётган муаммолар бор. Хусусан, муассасага қарашли олимпия ўйингоҳи, баскетбол, гандбол, бадминтон ва универсал спорт залларида иккита қурилиш корхонаси томонидан 2019 йилдан буён реконструкция ишлари олиб борилаётганди. Лойиҳага кўра, иккала қурувчи ташкилот томонидан иншоотларда 15 миллиард сўмдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши керак эди. Аммо жараён тўлиқ бажарилмаганлиги ва қурилишдаги камчиликлар сабаб икки йил олдин тўхтатилган. Ҳозирда бадминтон маркази фойдаланишга топширилган, олимпия ўйингоҳида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, майдонга чим ётқизиш ишлари давом этмоқда. Бироқ мана, бир неча йилдирки, баскетбол, гандбол ва универсал спорт залларида қуриш-таъмирлаш ишларини олиб бориш на дастурга киритилади, на маблағ ажратилади.
Дарвоқе, спорт мактабида тренер ва спортчиларни қийнаб келаётган яна бир муаммо бор.
- Ҳар йили абитуриентларга тест синови бошланиши билан спорт базалари ва майдонларимиз уч ой банд қилинади, - дейди спорт мактаби директори Қаҳрамон Раупов. – Кейин эса спортчи ва тренерларимиз машғулот учун жой излаб сарсон бўлади. Бунинг устига тест жараёнлари давомида муассасанинг электр энергияси ва хавфсизлик тизимидан фойдаланилади, иншоотларимиз таъмирталаб ҳолатга келиб қолади. Лекин етказилган зарарни ҳеч ким қоплаб бермайди.
Шаҳардаги 1-сон спорт мактабида ҳолат бирмунча яхши. 2419 нафар нафар ёшлар 14 та олимпия ва 5 та ноолимпия спорт тури бўйича шуғулланмоқда. Спортчиларнинг 40 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси. Спорт мактабига қарашли иккита спорт базаси бор. Муассасада асосий муаммо – 160 ўринга мўлжалланган ёпиқ сузиш ҳавзаси носоз ҳолатда. Мазкур иншоот 2022 йилда вилоятнинг инвестиция дастури асосида 4,5 миллиард сўм маблағ эвазига таъмирланиши режалаштирилиб, шу ҳолича қолиб кетган.
Спорт мактаби директори Шавкат Бозоровнинг таъкидлашича, сузиш ҳавзаси қурилгандан буён тўрт мавсум тўлиқ ишламаган. Чунки объектнинг иссиқ ва совуқ ўтказадиган изоляция қисми таъмирталаб. Шу боис иншоот ёзда иссиқ, қишда совуқ бўлади. Жорий йилнинг март ойида спорт мактаби жамоаси “Ташаббусли бюджет” дастури асосида 1,5 миллиард сўм маблағ ютиб олган. Ушбу маблағга спорт мактабининг моддий-техник базаси яхшиланиб, сузиш ҳавзасининг бир қисми таъмирланади. Аммо сузиш объекти тўрт мавсум тўлиқ ишлаши учун иссиқлик ва ҳаво алмаштириш тизимини таъмирлаб, ускуналар ўрнатиш керак.
Шаҳардаги 2-спорт мактабига қарашли бешта спорт иншооти бўлиб, 67 нафар тренер қўл остида 2780 нафар ўғил-қиз 25 та спорт тури бўйича шуғулланмоқда. Спортчиларнинг 82 нафари миллий терма жамоага қабул қилинган ва ўтган йилда Осиё, жаҳон чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда 27 та, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида 224 та медаль қўлга киритилган.
- Кейинги уч йилда муассасамизга қарашли иншоотлар, жумладан, «Сартепа» футбол ўйингоҳини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 4,1 миллиард сўм маблағ ажратилди, - дейди спорт мактаби директори Бекзод Пўлатов. - Яқинда ушбу майдон йўлакларига ҳам вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 450 миллион сўм маблағ эвазига асфальт ётқизиладиган бўлди. Шунингдек, ўтган йили мавжуд гимнастика зали таъмирланиб, янги гимнастика зали барпо этилди. Бундан ташқари, кетма-кет уч йилдан бери “Ташаббусли бюджет” дастурида ғолибликни қўлга киритиб келяпмиз ва ҳозирда спорт иншоотларининг ҳолати яхши. Мактабимизнинг асосий шуғулланиш базаси футбол бўлгани учун яқинда “Локоматив” ўйингоҳини ҳам тасарруфимизга олдик. Ҳозирда ушбу стадион таъмирталаб ҳолатда. 2004 йилдан бери реконструкция қилинмаган «Нафис» футбол майдони эса спортнинг камондан отиш турига мослаштирилиб, Миллий гвардия томонидан таъмирланадиган бўлди.
Хуллас, спорт мактабларидаги асосий муаммо – иншоотларнинг таъмирталаблиги ва спортчилар шуғулланаётган спорт базаларидаги камчиликлар бўлиб қолмоқда. Миллий терма жамоа таркибидаги самарқандлик спортчиларнинг асосий қисми шаҳардаги спорт мактаби тарбияланувчилари ҳисобланади. Агар тизимдаги муаммолар ҳал этилса, терма жамоадаги спортчилар сони янада кўпаяди ва бундан-да яхшироқ натижага эришилади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.