Иштихондаги битта спорт мактабининг 35 нафар ўқувчиси республика терма жамоаси аъзоси. Туманда чемпион ёшлар кўпаймоқда

Туманда 496 та спорт иншооти мавжуд. Шундан биттаси спорт мактаби бўлиб, унда 58 нафар тренер-ўқитувчи 19 спорт тури бўйича 1276 нафар ўғил-қизга машғулот ўтмоқда.

- Спортчиларимизнинг 35 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, - дейди туман спорт мактаби директори Олим Садуллаев. -  Асосий таркибда 14 нафар, захира таркибда 21 нафар ўғил-қиз киритилган. Жорий йилнинг ўтган даврида спортчиларимиз жаҳон чемпионатда 1 та олтин, Осиёда 1 та кумуш, 8 та бронза, Ўзбекистон чемпионати ва кубогида 11 та олтин, 14 та кумуш, 48 та бронза медалларини қўлга киритди. 

Бокс бўйича терма жамоа таркибида иштихонлик спортчиларнинг 5 нафари фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туман спортчилари республика, Осиё ва жаҳон чемпионатларида 6 та олтин, 2 та кумуш ва 9 та бронза медалини қўлга киритган.

Ўтган йил Польшанинг Кельце шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида илк бор жаҳон чемпионлигини айнан иштихонлик спортчи Нигина Ўктамова қўлга киритган эди. Яқинда Испанияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 48 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган яна бир иштихонлик боксчи финалда ҳиндистонлик Бавна Шармани 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва жаҳон чемпионлигини тантана қилди.

Фазлиддин Рўзибоев.