2020 йил 1 январдан спорт мактаблари ходимлари ва мураббийларнинг маоши оширилади
Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 декабрдан бошлаб республикада фаолият юритаётган тренерлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари базасида ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади.
Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги барча спорт мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари 2020 йил 1 январдан бошлаб:
директор ва директор ўринбосарларига – 1,35 бараварга;
тренерлар, инструктор-методистларига – 1,35 бараварга оширилди.