Спорт таълим муассасаларида 1 октябрдан ўқув йили бошланади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йили жорий йили 1 октябрдан бошланади.

Спорт таълим муассасаларида таълим жараёнлари ўқувчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, анъанавий ёки онлайн (масофавий) шаклда ташкил этилади.

Спорт таълим муассасаларида ўқишни анъанавий шаклда давом эттириш истагини билдирган ўқувчиларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)дан ёзма розилик талаб этилади, шунингдек, ўқувчиларга, соғлиғи тўғрисида маълумотномани тақдим этиши ҳамда уларнинг ота-оналаридан ёзма розилик олингандан сўнг, ўқишга келишларига рухсат берилади.

Жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб бошқа спорт базаларда (оромгоҳ, санатория) тасдиқланган санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилган ҳолда тегишли ташкилотларнинг рухсати билан ўқув-машқ йиғинларини ташкил этишга рухсат этилади.

Спорт таълим муассасалари тренер-ўқитувчилари томонидан ўзларига бириктирилган ўқувчиларга спорт машғулотлари жадвалидан келиб чиқиб, спорт турлари бўйича амалий машғулот вазифаларини вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган видеороликлар кўринишида онлайн (масофавий) шаклда бериб бориш ва берилган вазифалар ҳамда нормативларни ўқувчилар томонидан бажарилишини назорат қилиб бориш йўлга қўйилмоқда.