Перинатал марказнинг ўзи билан иш битмайди

Паст Дарғом тумани марказий поликлиникасидаги скрининг хонаси ёнида йигирма чоғли аёл навбатда турибди. Уларнинг ҳаммаси ҳомиладор аёллар, тиббий кўрикдан ўтишга келган.
Шифокорнинг қўли-қўлига тегмайди. Биринчидан, уларнинг барчасини кўрикдан ўтказиши керак, иккинчидан бу ишни навбатда ҳомиладор аёл кўп бўлишига қарамай, тезлаштириб бажариши зарур. Кейинги соатларда эса бу текширувларнинг натижасини жадвалларга тушириши, ҳомиласида муаммоси борлар ҳақида бирламчи тиббиёт тизимига маълумот бериши лозим.
- Ҳар куни 50 нафарга яқин ҳомиладор аёлни текширувдан ўтказамиз, - дейди туман марказий поликлинкаси перинатолог шифокори Зебинисо Тўйчиева. – Йил бошидан буён режали тарзда келган 210 нафар ҳомиладорнинг тўққиз нафарида патология аниқланди ва ҳомиласини тўхтатиш тавсия этилди. Бундан ҳомиладор аёллар яшайдиган ҳудуд бирламчи тиббиёт ходимлари ҳам хабардор этилди ва улар назоратга олиниши керак. Ўтган йилги текширувларимизда 55 нафар ҳомиладор аёлда патология аниқланган эди. Афсуски, ўз вақтида скрининг текширувига келмаётган аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Мисол учун, шу йилнинг бошиданоқ текширувга келиши лозим бўлган 200 нафар ҳомиладор аёл ўз вақтида ультратовуш текширувидан ўтмаган. Ҳомиладорликнинг илк ойларида ўтилиши керак бўлган скрининг текширувида ҳам кўплаб хасталиклар аниқланади ва уни бартараф этишга йўлланма берилиши керак.
Оналарга сифатли хизмат кўрсатиш, туғруқ давридаги ўлимларнинг олдини олиш, чақалоқлар ҳаётини асраб қолиш мақсадида ўтган йили вилоятдаги тўрт туманда, жумладан, Паст Дарғомда перинатал марказ ташкил этилганди. Марказдаги бу ўзгариш нималарда кўринаяпти, дея йўлимизни скрининг хонасидан чиқиб, перинатал марказ томон бурдик. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуаси негизида ташкил этилган перинатал марказ минтақавий саналиб, Нуробод аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.
- Перинатал марказдаги асосий йўналиш чақалоқлар парвариши, кичик вазнларда туғилган гўдакларга ҳам зарур тиббий хизмат кўрсатишдан иборат, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош акушер-гинекологи Комила Муқимова. – Шу мақсадда 6 ўринли чақалоқлар бўлими ташкил этилди ва барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Реанимацион пост ҳам ташкил этилди. Яъни, илгари ҳам туну кун навбатчи врач бўлса-да, эндиликда уларнинг сони биттага кўпайди ҳамда оғир аҳволда келган ҳомиладорларга тезлик билан ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди.
Ходимларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида Республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалидан туманларга ва оғир туманлардан марказга ходимларни уч ой муддатга алмаштириб ишлатиш амалиёти йўлга қўйилди. Бизнинг туғруқ мажмуамизга ҳам вилоят, республика муассасаларидан шифокорлар келиб, фаолият юритди, ходимларимиз вилоят муассасаларида ишлади. Бу ишларнинг натижасида ўтган йили фақат битта она ўлими содир бўлди. Бу кўрсаткич аввалги йиллардан кескин камайганлигини айтиш жоиз.
Илгари 32 ҳафтада туғилган чақалоқларни парваришлаш учун ёки жиддий хасталиклари бор ҳамиладор аёлларни вилоят перинатал марказига жўнатишга мажбур бўлардик. Эндиликда уларни ўзимизда даволаш имконияти мавжуд. Бир ойда марказда 500 га яқин туғруқ бўлади ва уларнинг 21 фоизи патологик туғруқлар саналади.
Ўтган йил олти нафар чақалоқ ўта оғир ҳолатда, 1058 нафари эса бир нечта хасталиклар билан туғилди. Улар орасида айниқса, нафас етишмовчилиги билан туғилганлар кўпчиликни ташкил этди.
Туғруқ мажмуаларида шароит яхшилангани билан аёл саломатлигига эътиборли бўлмас экан, турли нохушликларнинг олдини олиш қийин. Аввало, у ҳомиладор бўлишдан олдин оналикка тайёрланиши керак, фарзандлари оралиғидаги муддат бир, икки эмас, уч йил бўлса мақсадга мувофиқ. Доимий равишда организмидаги витамин етишмовчилигини тўлдириб бориши, ҳали қиз бола пайтиданоқ табиий, витаминли маҳсулотларни истеъмол қилиши лозим. Чунки бизда турмуш қургандан сўнг организмини оналикка тайёрлаш ҳақида гапириб бўлмайди. Агар шундай бўлса нур устига аъло нур. Ҳомиладорликда кузатилаётган чарчоқларга эътиборсиз бўлмаслик, аммо доимий ҳаракатсиз ҳам қолмаслик лозим. Айниқса, она бўлаётган келинларни бутун оила қўллаб туриши жуда муҳим.
Бу масала эса барибир бирламчи тиббиёт билан бевосита боғлиқ. Агар юқорида скрининг бўлими шифокори айтганидай, январь ойининг ўзида 200 нафар ҳомиладор ўз вақтида текширувга келмаган бўлса, уларнинг соғлом фарзанд кўришига ким кафолат беради? Нега қишлоқ оилавий поликлиникалари бу масалага жиддий ёндашмаган? Қолаверса, юқорида таъкидлаганимиздай, скрининг хонаси эшиги ёнида ҳомиладор аёлларнинг навбати жуда катта эканлигига гувоҳ бўлдик. Ўз вақтида кўрикка келмаган аёллар ҳам келишни бошласа, улар неча соат навбатда туради? Мутасаддиларнинг айтишича, бу ерда аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда яна битта скрининг хонаси ташкил этилиши лозим. Бу фикр қўшимча изоҳ талаб қилмайди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.