Галактика сирлари ёхуд қуёш энг катта юлдузми?
Олам сир-синоатларга, очилмаган жумбоқларга тўла. Биз яшаб турган дунёмиздан тортиб, само ва осмон жисмлари ҳам инсонлар томонидан билишга интилаётган ҳаракатлар қаторига киради.
Хўш, осмон жисмлари, сайёралар, юлдузлар ҳақида қанчалик билимга эгамиз? Даставвал, бизни ўраб турган ҳамда барча жисмларни ўз ичида мужассам қилган галактикага тўхталиб ўтсак.
Галактика - бу катта миқдордаги юлдузлар, газ ва чанглардан иборат бўлган, бир-бирига гравитация кучи билаб боғланган улкан астрономик тузилма ҳисобланади. Галактикалар коинотдаги энг катта объектлардан бири бўлиб, унда минглаб, миллиардлаб юлдузлар ва бошқа космик жисмлар мавжуд. Коинотда галактика ягона эмас, балки бизга маълум бўлган ва бўлмаган бошқа юзлаб, балки минглаб бизники каби галактикалар мавжуд. Улар орасида масофа жуда катта бўлиб, уларни ўлчаш учун миллиардлаб ёруғлик йиллари керак бўлади. Ҳатто улар гравитация натижасида бир-бирига яқинлашиши ёки узоқлашиши ҳам мумкин. Кўпгина олимлар бу каби маълумотларни ўрганиш учун самога космик кемалар юборади, сунъий йўлдош орқали осмон жисмлари ҳаракатини кузата олиш имкониятига эга бўлади.
Гравитация тортишиш кучи, осмон жисмлари тўқнашуви сабаб кўпчилик космик кемалар манзилга етиб бормасдан йўқ бўлиб кетади, етиб борадиганларидан тўлқин орқали маълумот олиш учун эса камида 3-4 йил вақт ўтади. Бугунги кунда энг сўнгги моделдаги космик телескоплар ёрдамида олимлар галактика келиб чиқиш тарихи ҳамда унинг ривожланиши ҳақида маълумотларга эга бўлмоқда. Булар қаторида юлдузлар ҳам четда қолмайди. Олимлар бизга бу билимлар етиб келгунча анча изланишлар олиб боришган.
Биз ҳозирги кунда мактаб дарсликлари орқали ўрганаётган коинот ҳақидаги бошланғич билимлар олимларнинг тадқиқотлари ҳисобланади. Аммо, бу ҳаммаси эмас. Юлдузлар тўғрисида биз билмаган анчагина маълумотлар ҳалигача галактикалараро ўз ихтирочиларини кутиб ётибди.
Юлдузлар ҳақида гап кетар экан, қуёш ҳам юлдузнинг бир тури эканлигини айтиб ўтишимиз керак. У бизнинг тизимимиздаги марказий юлдуз ва энергия манбаи ҳисобланади. Қуёш улкан кўриниши ва ўта ёруғлиги сабабли бизга жуда катта юлдуздек туюлиши мумкин, аммо у бутун коинот миқёсида қаралганда унчалик ҳам катта эмас. Ҳатто, қуёшдан анча катта ҳажмдаги юлдузларни биз ўз кўзимиз билан кўра олишимиз мумкин, лекин улар жуда олисда бўлганликлари сабабли митти бўлиб кўринади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда қуёш ўртача катталикдаги юлдуз саналади. Бунга қўшимча қилиб айтишимиз мумкинки, қуёшдан анча ҳарорати юқори юлдузлар ҳам коинотда сон-саноқсиз. Қуёшнинг диаметри тахминан 1,4 миллион километрга тенг, бу эса ернинг диаметридан 109 марта катта дегани. Унинг массаси бўлса Ер массасидан 333 минг марта каттароқ. Шундай бўлса-да, ушбу рақамлар унинг катталигини билдирмайди, аммо унинг иссиқлиги, гравитация тортишиши ва энергияси туфайли Қуёш тизимидаги барча сайёралар ўз ўрни ва ҳаракат йўналишига эга.
СамДЧТИ халқаро журналистика йўналиши талабаси Мадина Ирисова тайёрлади.