Ёшига нисбатан ёшроқ кўринадиган одамлар узоқ умр кўради

387 жуфт эгизакларни солиштириб кўрган даниялик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари ёшроқ кўринадиган одамларнинг узоқ умр кўриш имконияти, ташқи кўриниши ҳақиқий ёшидан ошиб кетадиганларга қараганда сезиларли даражада юқори бўлганлигини кўрсатди.

Тадқиқотчилар фотосуратлар асосида бир гуруҳ эгизаклар ёшини тарбиячилар, мактаб ўқитувчилари, спорт мураббийлари ва тенгдошларидан тахмин қилишни сўрашди. “British Medical Journal”да чоп этилган мақолага кўра, ака ёки укаларидан кўра ёшроқ кўринадиган эгизаклар кўпроқ умр кўришган.

Ҳаётий афзалликлар
Тадқиқотчилар, шунингдек, бу натижани тушунтира олиши мумкин бўлган эҳтимолий биологик сабабларни ҳам топишди.
Танадаги ҳужайралар кўпайиши қобилияти учун масъул асосий ДНК бўлаклари – теломерлар ҳам эгасининг ёш кўринишини белгилайди. Қисқа теломерлар эса тезроқ қаритади ва баъзи касалликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Иштирокчилар орасидаги ёш кўринишга эга эгизакларнинг теломерлари узунроқ эди. Таъкидлаш керакки, барча суратлардаги иштирокчилар 70, 80 ва ҳатто 90 ёшли кишилар бўлган.
Эксперимент тугаганидан сўнг етти йил давомида Жанубий Дания университети профессори Кааре Кристенсен бошчилигидаги тадқиқотчилар биринчи бўлиб ёши каттароқ кўринган эгизакларнинг вафот этган ҳолатлар кўпроқ қайд этганлигини аниқлади.

Ташқи кўриниш - саломатлик гарови(ми?)
Эгизак жуфтликлар бўйича бошқа бир тадқиқотни ўтказган британиялик профессор Тим Спектор унинг тадқиқоти ҳам худди шундай натижаларни кўрсатганини тасдиқлади.
“Эҳтимол, генетик хусусиятлар, ҳаёт тарзи ва атроф-муҳит комбинация (уйғун бирикма)си муҳим аҳамиятга эгадир”, дейди у.
Спектор, шунингдек, одамлар фотосуратга қараб бошқа одамнинг соғломлик даражасини аниқлай олиши мумкинлигини таъкидлади, шунинг учун шифокорлар беморларнинг ташқи кўринишига кўпроқ эътибор беришлари керак.
“Агар бемор ўз ёшидан каттароқ кўринса, унга кўпроқ эътибор бериш лозимдир”, - дейди у.
Баҳора тайёрлади.