Ядро фақат хавф дегани эмас...

Қонунчиликда тизимда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий стандартларга риоя этиш нормалари белгиланди
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида “Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (Вена, 1963 йил 21 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Ижтимоий тармоқларда мазкур масала атрофида турли гап-сўзлар бўлмоқда. Шу боис қонун жамиятимиз ва аҳолимизга нима беради, уни қабул қилишдан мақсад нима, деган саволларга жавоб беришни лозим, деб топдик.
Зотан, қайд қилинган Конвенцияга қўшилиш орқали эътибор қилинг, фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар оқибатида етказилган зарар учун жавобгарлик режими, зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини белгилайдиган асосий нормалар татбиқ этилади. Шунингдек, ядровий жавобгарлик режими ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланиши таъминланади.
Умуман, Вена конвенциясига қўшилиш зарарни қоплашнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқий механизмларини таъминлаб, жабрланувчиларни ҳимоя қилишни кучайтиради, ядровий қурилмалар операторининг аниқ мажбуриятларини белгилайди ва юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ишончли молиявий кафолатларни яратади.
Шу билан бирга, миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни оширади, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва ядровий жавобгарлик соҳасидаги замонавий стандартларга риоя этилишини таъминлайди.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядро зарари учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек, ядро зараридан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилашдан иборат.
Ўзбекистоннинг Вена конвенциясига қўшилиши ядро энергетикаси ва хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳуқуқий майдонга киришини таъминлашга, ядровий хавфсизликни кафолатлашга, ядровий зарардан жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилишга, давлатнинг ядро энергетикаси соҳасидаги масъулиятини аниқ белгилашга ҳамда ядро энергетикаси соҳасида суғурта тизими ва компенсация механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди ва унинг дастурлари доирасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ишлари фаоллашади.
Марям Ниёзова,
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси.