UZTELECOM онлайн ариза бериш деганда нимани тушунади?

Ғалати ҳолатга дуч келдим. WI-FI интернет улаш учун Google қидирувига “Интернет улаш учун онлайн ариза” ёздим ва, табиийки, менда танлаш имкони бўлмади. Мен яшайдиган ҳудудда Uztelecom провайдеридан бошқа интернет алоқаси мавжуд эмас экан. Ҳар ҳолда Uztelecom провайдерида онлайн ариза учун хизмат бор экан, деб енгил тортдим.

Google`да кўрсатилган ҳаволага ўтиб анкета тўлдириб, паспортимни сканерлаган ҳолатда юбордим. Аризам № 66-69688 рақами билан рўйхатга олинди. Ана, ишим осон битди, ишдан жавоб олиб, вақт сарфлаб, сарсон бўлмас эканман деб ўйладим, ўзимча.

Аммо хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Эртаси куни компаниядан қўнғироқ қилиб аризам юзасидан офисга боришим, шартнома қилишим учун компания ходими тушунтириш берди. Онлайн ариза берганимни айтишимдан фойда бўлмади.

Хўш, нега онлайн ариза бериб “оффлайн” югуришим керак? Бу ерда мантиқ қани? Яна ким денг, энг замонавий иш тартиби йўлга қўйилиши керак бўлган ахборот коммуникация тизимидаги компанияда!

Тасаввур қилайлик, интернет провайдерлари ва рақобат кўп мамлакатларда бундай вазиятларда қандай йўл тутишган бўлар эди.

Онлайн ариза тўлдирасиз ва эртаси куни компания ходимлари оёғини қўлига олиб чопиб келиб, интернетингиз улаб тўловни олиб, имзо чектириб кетишади! Нега дейсизми? Улар сизни фикрингиз ўзгариб қолишидан, мижозни бой бериб қўйишидан қўрқишади. Мана сизга рақобатнинг фойдаси.

Биз эса ҳали кўп онлайн ариза бериб, орқасидан яна компания офисига етиб боришимиз керак. Қизиқ, бу компания онлайн ариза беришни йўлга қўйганидан мақсад нима ўзи? “Бизда ишлар замонавий” деб ҳисобот беришми? Афтидан, бундай провайдерга онлайн ариза бериб ҳали кўп югурсак керак.

Феруз Яхшибоев.