Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат тиббиёт университетига қарашли илмий-тадқиқот институтининг янги биноси очилди

Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузурида ташкил этилган микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институтининг янги биноси топширилди.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва соҳа вакиллари иштирок этди.

- Мазкур илмий-тадқиқот институтида паразитар касалликларни эрта ташхислашнинг замонавий ва самарали усулларини яратиш, даволаш механизмларини такомиллаштириш ва молекуляр даражада таҳлил қилиш орқали генотипларини аниқлаш, трансмиссив касалликларни ташувчи ҳашоратларнинг эпидемиологиясини текшириш, лейшманиоз касаллигининг ташувчи москитларни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича таҳлил қилиш каби илмий тадқиқотлар олиб борилади, - деди университет ректори Жасур Ризаев.

Мазкур илмий-тадқиқот институтида тўртда бўлим фаолият юритади. Уларда тиббий гельминтология, тиббий энтомология, одам протозой касалликларини ўрганиш ҳамда молекуляр-биологик ташхислаш амалиётлари бажарилади.

Илмий-тадқиқот институти PSR, IFA ва бошқа тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган бўлиб, унда йигирмага яқин юқори малакали ходимлар фаолият юритмоқда.