Самарқандлик таниқли ҳунарманд Германиядаги Халқаро кулолчилик ярмаркасида иштирок этмоқда
Мазкур халқаро ярмарка Германиянинг Диссен Аммерзее шаҳрида бўлиб ўтмоқда. 22-маротаба ўтказилаётган Халқаро кулолчилик бозорида 14 та мамлакатнинг 166 та кулолчилик устахонаси қатнашмоқда.
Бавариядаги оммабоп "Merkur.de" онлайн нашри ўз мақоласида Самарқандлик таниқли кулол ҳақида тўхталган:
"Самарқанд кулолчилик мактабларидан бирининг асосчиси Илҳом Бобомуродов ўз асарларини мазкур кулолчилик бозорига тақдим этиши тадбирнинг катта янгилиги сифатида қаралмоқда. Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий Самарқанд маҳаллий масжид ва мадрасаларни безашда қўлланиладиган майолика ва бошқа шарқона услублар билан машҳурдир. Тобора кўпроқ мамлакатлардан ҳунармандларни ўзига жалб этиб бораётган Диссен Аммерзее кулолчилик ярмаркаси яна бир бор санъат ва маданият халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишнинг рамзий белгиси эканлигини намоён этади", — дея ярмарка раҳбари Вольфганг Лёше фикрларидан иқтибос келтирган манба.
Мақолада шунингдек, ушбу кулолчилик бозори нафақат таниқли ҳунармандлар учун мулоқот платформаси саналиши, балки мазкур санъат турини эгаллаётган ёш истеъдодларга ўзларини намоён этиши, инновацион ғоялар ва янгича ёндашувлар билан танишиши учун зўр имконият эканлиги таъкидланган.
"Ярмаркага ташриф буюрувчилар кулолчилик техникалари сирлари билан танишиш ҳамда кулоллар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўладилар. Мазкур Халқаро кулолчилик ярмаркаси турли мамлакатларнинг маданий мероси ҳисобланган кулолчилик санъатининг қадимги анъанавий усулларидан тортиб замонавий талқинларини намоён этиш билан биргаликда маданиятлар ўртасида дўстлик кўпригини қуришга хизмат қилади", — дея хулоса қилади нашр.