1 декабрдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?
Norma.uz портали 2023 йил 1 декабрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этди.
Унга кўра:
- Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори оширилмоқда.
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга, БҲМ – 3 фоизга ошмоқда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 050 000 сўм; пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 372 000 сўмни ташкил этади.
- Аҳоли ва бизнесдан бир қатор маълумотларни талаб қилиш тўхтатилади
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 47 турдаги маълумотларни талаб қилиш бекор қилинмоқда. Тегишли маълумотларни «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасида рақамли шаклда олиш мумкин.
- Олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий валютаси миқдори оширилмоқда
Жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 100 млн сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги миллий нақд валюта ва (ёки) нақд чет эл валютаси йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади (илгари бу миқдор 70 млн сўмни ташкил этган).
- Айрим давлат хизматлари МИЗ дирекциялари томонидан кўрсатилади
Қуйидаги давлат хизматлари, ЯИДХП ва давлат хизматлари марказларидан ташқари, бевосита махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) дирекцияси томонидан ҳам амалга оширилади:
• инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;
• иштирокчиларни рўйхатга олиш;
• инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ва ижара шартномаларини имзолаш.
- Наслдор чорва молларига ҚҚС тўлаш тизими ўзгармоқда
Чорвачилик хўжаликлари ўз эҳтиёжи учун импорт қилган наслдор қорамолларга ҳисобланган ҚҚСни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг кафолати асосида 180 кун ичида тўлаб бериш тизими жорий этилади.
- «Ташқи реклама» рақамли мониторинги ишга туширилади
Реклама жойи паспортини шакллантирувчи «Ташқи реклама» рақамли мониторинг электрон тизими ишга туширилмоқда.
Аукцион натижалари бўйича тўлов ҳамда рекламани жойлаштириш учун йиғим ўрнига миқдори очиқ электрон аукцион орқали аниқланадиган ягона ҳар ойлик йиғим киритилмоқда.
- Зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими ишга туширилади
Магнитудаси 5 ва ундан юқори балли зилзилалар рўйхатга олинганда «Кучли зилзиладан огоҳлантириш» мобил иловаси орқали аҳолига қисқа сонияларда республиканинг аниқланган ҳудудларида кучли зилзила кузатилиши тўғрисида тезкор хабарнома юборилади.
- Спорт мактабларига қабул давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали амалга оширилади
• Давлат спорт-таълим муассасаларига;
• Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол академияларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчиришни эндиликда давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали кўрсатилади.