1 мартдан техник паспорт ва гувоҳномалар ҳам янгисига алмаштирилади

Жорий йил 1 мартдан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари учун техник паспорт ва тракторчи-машинист гувоҳномалари янги намунадагисига алмаштирилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтирилган.

МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб амалиётга киритилаётган бу жараён Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Шу боис “Ўзагроинспекция” томонидан жойларда ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Бухоро ва Навоий вилоятлари бошқармаларининг инспекторлари иштирокида Самарқандда ўтказилган семинарда "Ўзагроинспекция" бўлим бошлиғи А.Эргашев "Ягона электрон база"ни шакллантириш, замонавий пластик шаклдаги ҳужжатлар (техник паспорт, техник гувоҳнома ва тракторчи-машинист гувоҳномаси) тайёрланиши ва тақдим этилишига тўхталди. Янги намунадаги техник паспорт ва техник гувоҳнома Ўзбекистонда илк маротаба ҳаётга татбиқ этилмоқда ҳамда янги намунадаги, пластик шаклда бўлган гувоҳномалар халқаро стандартларга тўла жавоб беради.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиши техника воситаларини рўйхатга олиш, уларнинг олди-сотдиси билан боғлиқ ҳуқуқий ҳаракатларни онлайн тарзда мувофиқлаштириш имкониятини яратиб, техника воситаларининг электрон рўйхатини шакллантиришда кенг имкониятларга эга. Илгари бу жараён жуда мураккаб бўлиб, техника воситаларини рўйхатга олиш, техник паспорт ва техник гувоҳнома берилиши учун 2-3 кун вақт сарфланган. Эндиликда онлайн режимдаги фаолият йўлга қўйилгач, электрон ҳужжатлар юритилишига 10 дақиқа вақт сарфланади.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.