1 ноябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
1 ноябрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳи тақдим этилди. Унга кўра:
➖Хонадонларга интернет тармоғини олиб бориш дастури амалга оширилади
«Охирги миля» тамойили асосида тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда аҳоли хонадонларига интернет тармоғини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бошланади.
➖Психологик ёрдам олиш осонлашади
Туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади.
➖Давлат органларининг кадрларга оид ҳужжатлари hrm.argos.uz платформасида сақланади
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид барча маълумот ва ҳужжатлар «hrm.argos.uz» электрон платформасида шакллантирилади ва юритилади.
➖Ҳокимлар шаҳарсозлик бўйича курсларда ўқишади
Қурилиш вазирлиги томонидан маҳаллий ҳокимият ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари учун шаҳарсозлик соҳасида билимларни оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ўтказилади.
➖Авторақамларни бериш учун тўлов миқдорлари ошади
Автотранспорт воситалари учун давлат рақами белгилари берилганлиги учун тўлов БҲМнинг 3,5 бараварини (хозирда 1,5 баравари), мототранспорт учун – БҲМнинг 1,75 бараварини ташкил этади (хозирда – 0,75 баравари).
➖«Умра» хизматини ташкил этувчилар учун янги лицензия талаблари
«Умра» хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари кучга кирмоқда:
100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;
«Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши.
➖Ёнғин назорати соҳасида янги талаблар
Давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади.
Давлат ёнғин назорати органлари қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш жараёнида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилади.
Аҳоли гавжум бўладиган объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан мажбурий тартибда идоравий ёнғин назорати ўрнатилади.
➖Давлат иштирокидаги корхоналарда давлат вакилларининг иштирок этиш тартиби кучга киради
16 ноябрдан давлат иштирокидаги корхоналардаги давлат вакилларининг фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом кучга киради.