100 та жўжа боқиб, камбағалликдан чиқиш мумкинми?

Иштихон туманида камбағалликни қисқартириш чораси сифатида ушбу қатламнинг қўлига балиқ эмас, қармоқ бериш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, ўтган ҳафта сўнггида биринчи сектор ҳудудидаги маҳаллаларда паррандачилик йўналишида фаолият бошлаб олишлари учун 50 оилага гўшт етиштиришга мослашган 100 донадан жўжа тарқатилди.

Мазкур йўналиш бўйича яқин кунларда биринчи сектор ҳудудида 15 маҳалладаги хонадонларга тарқатилади. Шунингдек, бу хонадонларга жўжаларни боқиш учун 500 минг сўмдан субсидия ҳам берилади. Парранда боқиш фаолиятидан бехабар бўлган хонадон эгалари учун тажрибага эга бўлган мутахассислар бириктирилади.

Шу ўринда савол туғилади. Биргина шу 100 дона жўжани боқиб, камбағалчиликдан чиқиш мумкинми? Йўқ албатта. Жўжалар парваришланиб, бўлгач, мазкур хонадон эгаларининг фаолияти кенгайтирилиб, қўйчилик, чорвачилик йўналишларига ўтказилади. Албатта, бу жараёнда туман ҳокимлиги томонидан амалий ёрдам кўрсатиб борилади.

Шунингдек, аввалдан деҳқончилик билан шуғулланиб келган бир қанча инсонлар учун деҳқончилик қилиб, маҳсулот етиштиришлари учун туман ҳудудидаги деярли қаровсиз қолган ерлардан ажратилиб, хусусан, шоли етиштириш учун ер ва субсидиялар ажратилади.

Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.