Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

101 минг нафар фуқаронинг пенсия ва нафақаси ошди

Шу йилнинг 28 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 августдан бошлаб зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача ногирон болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига (қаровчиларга), иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда ойига 568 минг сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун ҳам нафақа миқдори ойига 568 минг сўм этиб белгиланиб ва кейинги ҳар бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 198 минг сўмдан қўшиладиган бўлди.

Вилоятимиз пенсия жамғармаси ҳисобида бугунги кунда зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқаролар 6669 нафар, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсия олувчилар 56615 нафар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача ногирон болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар (қаровчилар) 7312 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчилар 5833 нафар, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилар 24741 нафар. Умуман, мазкур тоифадаги нафақа ва пенсия миқдори оширилган фуқаролар вилоят бўйича 101200 нафардир.

Август ойидан юқорида келтирилган тоифадаги барча фуқароларга оширилган миқдордаги пенсия ва нафақа пулларини олишлари кафолатланади.

Абдурашид Раҳимов,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси шуъба раҳбари