11 ёшида уйқуга кетиб, 20 ёшида уйғонган қизча қиссаси

У 10 йил ухлади ва оиласини очликдан қутқарди. Эллен Сэдлер узоқ уйқудан кейин кўзларини очганда нимани ҳис қилганини тасаввур қилиб бўлмайди. Устига-устак на отаси, на онаси тирик эди. Яқин одамлари - 11 ака-ука ва опа-сингиллар Элленга бир амаллаб у 10 йил уйғонмаганини тушунтирди. Энг муҳими, узоқ уйқу катта оиласининг тирикчилик қилишига ёрдам берди.

 Эллен 1859 йилнинг май ойида Британиянинг Турвиль қишлоғидаги кўп болали оилада туғилган. Унинг отаси Уильям Сэдлер фермер эди, у бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этди. Онаси Энн Сэдлер фарзандларига ўзиникидек муносабатда бўлган завод ишчиси Томас Фрюэнга турмушга чиқди.

Чуқур уйқуга кетиш

1871 йилнинг 29 март куни Эллен ака-ука ва опа-сингиллари билан ухлашга кетди. Ҳаммаси одатдагидек эди, бироқ эртаси куни эрталаб шу пайтгача соғлиғида ҳеч қандай муаммо бўлмаган қизалоқ уйғонмади. Унга бақиришди, силкитишди, туртишди, лекин Эллен ухлайверди.

Аввалига ота-она қизи вафот этди, деб ўйлади, лекин фарзандининг нафас олиши бир текис, териси иссиқ эди, юрак уриши сезилиб турарди. Чақирилган маҳаллий шифокорлар ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаган эди, улар чуқур уйқу ҳолатига нима сабаб бўлганини айта олмасдан шунчаки елка қисиб қўйишди.

Кўп ўтмай, Сэдлерлар уйига бутун мамлакатдан тиббиёт мутахассислари кела бошлади. Ҳар хил фаразни илгари суришни ўз бурчи деб ҳисоблаган олимларнинг ҳеч бири охир-оқибат Эллен нима билан касаллангани, у нега уйғонмаслиги ва қандай қилиб уни уйғотиш мумкин, деган саволларга аниқ жавоб бера олмади.

Оила даромадининг кўпайиши

Сэдлерлар оиласи жуда камбағал, том маънода зўрға кун кечирарди. Эллен ухлаб ётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалгач, улар томон турнақатор бўлиб зиёратчилар тизилди. Одамлар уни кўриш учун пул тўлашарди. Ҳар ким ўз ғояси, ихтироси ва усуллари билан келар, аммо уларнинг ҳеч бири иш бермасди.

Баъзи шифокорлар бутунлай ғайриинсоний усул – қизалоқ танаси орқали электр оқим ўтказишни таклиф қилишди, лекин қизнинг онаси ва отаси бунга рози бўлмади.

Бир йил ўтгач, Эллен номи Британиядан ташқарида ҳам маълум бўлди. Тўда бўлиб келган сайёҳлар қизнинг бир ўрим сочини олиб кетиш учун катта пул тўлай бошлаганида оилада бойлик тўплаш имкони яратилди.

Элленнинг даромади шунчалик катта эдики, бу ҳатто федерал терговга олиб келди. Маҳаллий полиция Эллен Сэдлернинг ота-онасини касал фарзанди орқали пул ишлаб топишга қарор қилганликда айблади. Бироқ, қизнинг онаси одамлар барча пулларни ўз хоҳишлари билан хайрия қилаётганини, у ҳеч қачон ҳеч кимдан бир тийин ҳам сўрамаганлигини исботлай олди.

Она қизига кичкина чойнакдан бўтқа, сут ва шароб ичирарди. Бир йил ўтгач, қизнинг жағи бутунлай маҳкам ёпилди, шунда Анна қизини тушган тиши жойидаги кичик бўшлиқ орқали овқатлантира бошлади.

Кутилмаган уйғониш

1880 йилда кутилмаганда доимий стресс ва қизи ташвишида яшаган Элленнинг онаси юрак хуружидан вафот этди. Эллен онаси вафотидан 5 ой ўтгач уйғонди. У 11 ёшида ухлашга ётди ва деярли 21 ёшида уйғонди.

Қизиғи, у 1881 йил Янги йил арафасида уйғонган. 1 январь куни газеталар бу янгиликни ёритганда бутун дунё Турвилдаги ухлаб ётган қизи уйғонганини билиб олди. Ака-ука ва опа-сингиллари қуршовидаги қизга онаси ва отаси бу  дунёни тарк этганлиги ҳақидаги қайғули хабарни етказишди.

Қиз уйғонганида, унинг ақлий ривожланиши ҳали 11 ёшдаги боладагидек эди. Холаси Грейс Блекалл дарҳол унга ёрдамга келиб, қиз билан услубий ишлай бошлади ва Эллен катта муваффақиятларга эришди.

Афсуски, уйқу пайтида тўпланган пулнинг катта қисми сарфланган, шунинг учун Эллен  яшаш учун ўзи пул ишлаб топиши керак эди.

У мунчоқли маржонларни тўқиб сотиш орқали кун кўра бошлади. Бир неча йил ўтгач, Эллен Сэдлер катталар ҳаётига шунчалик мослашдики, у ҳатто Реадинглик фермерга турмушга чиқди ва олти фарзандни дунёга келтирди.

Афсуски, 1901 йилда, 42 ёшида Эллен ҳеч қандай сабабсиз вафот этди. “Уйқу соҳибжамоли”нинг ҳаётидаги сўнгги йилларида нима билан шуғуллангани ҳақида ҳеч қандай ёзув йўқ.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.