12 май – Халқаро ҳамширалар куни

1974 йилда Халқаро ҳамширалар кенгаши ташаббуси билан ҳамшира соҳаси асосчиларидан бири Флоренс Найтингейлнинг таваллуд куни муносабати билан 12 май - Халқаро ҳамширалар куни сифатида йил тақвимига муҳрланган.

...Малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳар бир инсоннинг кафолатланган ҳуқуқидир. Бош Қомусимиз билан мустаҳкамлаб қўйилган мазкур ҳуқуқий нормани ҳаётга татбиқ этиш, халқимизнинг тиббий хизматдан розилигини таъминлаш, ҳаётий эҳтиёжларини қондириш мақсадида бирламчи, ихтисослашган, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш устувор вазифа этиб белгилангани зиммамиздаги бурч ва масъулият нақадар катта эканлигини кўрсатади.

Бугун замонавий ҳамшира ҳақида сўз кетар экан, тиббиётнинг турли соҳаларида кунни тунга улаб ишлаётган фидойи, билимдон, моҳир, чаққон, эпчил, зукко, ўрта тиббиёт ходимларининг қиёфаси кўз ўнгимизда жонланади. Юртимизда 300 мингдан зиёд шундай ўрта бўғин мутахассислар эл соғлиғини асраш йўлида шифокорлар билан бир сафда иш олиб боряпти. Ўттиз тўрт миллионлик халқимиз орасида уларнинг беминнат хизматига иши тушмаган одамни топиш мушкул бўлса керак. Зеро, ҳамширалар ҳамиша тиббиётнинг энг олдинги бўғинларида иш олиб борувчи мутахассислардир. Тиббий-илмий марказлардан тортиб қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларигача бўлган бўғинда тиббий маслаҳат ёки кўмак сўраб келган инсонга, энг аввало, улар пешвоз чиқади.