14 июнь - Халқаро донорлар куни: “Олтин қўлли одам” охирги марта қон топширди
Австралиялик Жеймс Харрисон 1173 марта қон донорига айланди. У икки миллиондан ортиқ болани қутқарган.
Жеймс Харрисон 13 ёшда бўлганида оғир жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди, ушбу амалиёт давомида у кўп қон йўқотишдан вафот этиши мумкин эди. Ўз вақтида қуйилган қон туфайли у тирик қолди.
Операция давомида унга ҳаммаси бўлиб 13 литр донорлик қони қуйилди ва ҳаёти сақлаб қолинди.
18 ёшга тўлиши ва қон топшириш учун зарур бўлган ёшга етиши биланоқ, у дарҳол Қизил Хоч қон топшириш марказига борди. Айнан ўша ерда Жеймс Харисоннинг қони ўзига хос тарзда ноёб эканлиги аниқланди, плазмасида махсус антитаналар мавжудлиги натижасида ҳомиладор аёл ва унинг ҳомиласи ўртасида учрайдиган резус-можаро олдини олиш мумкин эди.
Ушбу резус-можаро боланинг камида камқонлик ва сариқ касаллиги билан, баъзи ҳолларда эса ўлик туғилишига олиб келади.
Жеймснинг қонида нима топилганлиги тушунтирилганда, у шифокорларга фақат битта савол билан мурожаат қилди, яъни у қанчалик тез-тез қон топшира олиши мумкинлигини сўради.
Ўшандан бери, 60 йил давомида Жеймс Харрисон ҳар уч ҳафтада ўз уйи яқинидаги тиббий марказга бориб, роппа-роса 400 миллилитр қон топшириб келди. Ҳозирга қадар у 377 литр қон топширганини ҳисоблаш қийин бўлмаса керак. Яқинда у 1173-марта қон топширди.
Жеймснинг қонидан ажралиб чиқадиган антитаналар дунё бўйлаб деярли миллионлаб ҳомиладор аёлнинг, шу жумладан ўз рафиқасининг ҳам резус-можаросини бартараф қилди.
Икки миллиондан ортиқ аёл ва шунча (агар кўп бўлмаса) чақалоқ, хусусан, Харрисоннинг қизи бу Австралиялик марҳаматли қария туфайли тирик ва соғлом қолди.
Айнан Харрисоннинг қони асосида D-га қарши антитаналар ишлаб чиқилади. Эркакнинг ҳаёти бир миллион Австралия долларига суғурта қилинган.
Жеймс энди унинг соғлиғидан хавотирда бўлган шифокорларнинг маслаҳати билан донор бўла олмайди. 2018 йилнинг май ойида у 81 ёшга тўлди. Бу Австралия қонунчилигига кўра қон донори учун максимал ёш ҳисобланади. “Мен кўп одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдим, бу дунёга кўплаб болаларни яшаб кетишига ўз ҳиссамни қўшдим ва бу менга яхши ҳис-туйғуларни бағишлайди”, деди у ўз интервьюсида. Унга кўра, агар рухсат берилса, у яна ҳам кўпроқ қон топширишни давом эттирган бўларди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.