14 июнь – Халқаро донорлар куни
Ҳар куни дунё бўйича минглаб инсонлар донор қонига эҳтиёж сезади. Донорлик — одамларга яхшилик қилишнинг энг оддий кўриниши бўлиб, ушбу беғараз, кўнгилли ёрдам қонга эҳтиёжи бор инсонлар учун ҳақиқий кўмакдир.
Донор қон топширар экан, кимнингдир ҳаётини сақлабгина қолмай, ўз соғлигини сақлашга ҳам эришади. Чунки мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туриш ва қон таҳлилларини топшириш, киши саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлиб боришига хизмат қилади. Ҳозирда дунёнинг 70 та давлатида қон захираси кўнгилли донорлик ҳисобига йиғилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига биноан қон таркибий қисмлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун ҳар 1000 аҳолига нисбатан 40-60 тадан қон топшириш керак бўлади. Бизнинг юртимизда эса ҳар 1000 кишига қон топширишлар сони 4, 8 тани ташкил этмоқда.
Кўнгилли донорлик тарғиботи биргина Республика қон қуйиш маркази ёки унинг сайёр гуруҳлари вазифаси эмас. Қон ва қон маҳсулотлари захираси нечоғли муҳимлиги, қай ҳолларда қон қуйишга мурожаат қилиниши, захира бўшаб қолиши қандай оқибатларга олиб келиши батафсил тушунтирилиб борилса, ишонамизки, кўнгилли донорликка муносабат ўзгаради.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, донорликнинг маълум талаблари бор. Қон топширишдан бир кун олдин донор етарлича дам олиши, тиниқиб ухлаши керак. Кечки овқатга ёғли таом истеъмол қилинмаслиги тавсия этилади (қон таҳлилига таъсири бор). Эрталаб енгил нонушта қилиши керак. Қон топширишга келган донор, албатта тиббий кўрикдан ўтказилади. Қондаги гемоглобин миқдори аниқланади.
Яна бир эътиборли жиҳати, ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ана шундай бағрикенг ва сахий инсонлар учун «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланишади. Қон хизматларида олинадиган қон миқдори организмдаги умумий қон миқдорининг 10 фоизини ташкил қилади, яъни 350-400 миллилитр. Организм йўқотган суюқлик ўрнини 36 соат ичида тиклаб олади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.