“Мен – донорман!”: 1 декабрь куни Самарқандда донорлик акцияси ўтказилади

Самарқанд вилояти қон қуйиш марказининг асосий мақсади вилоят шифохоналарини хавфсиз қон билан таъминлашдан иборат. Инсоннинг ҳаётини асраб қолиш кўпинча қон қуйиш жараёни билан боғлиқ. Қон эса кимё лабораторияларида ишлаб чиқилмайди, у инсон организмидаги бебаҳо неъмат. Фақат яхши инсонларнинг ёрдами билангина оғир аҳволдаги беморларни ҳаётга қайтариш, уларнинг умрига умр қўшиш мумкин.

Кейинги йилларда бундай савоб амални бажараётган инсонларнинг сони тобора ортаётгани қувонарли. Қолаверса, донорликнинг афзалликлари бўйича турли акция, тарғибот тадбирларининг ҳам кўпайгани эзгу ишга бош қўшаётганлар сони ошишига туртки бўлмоқда.

Худди шундай тадбирлардан бири Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими томонидан жорий йилнинг 1 декабрь куни «Мен – донорман!» шиори остида донорлик акцияси сифатида ўтказилиши режалаштирилган. Ёшлар агентлигининг ҳудудий ташкилотлари билан ҳамкорликда донорлик акцияси билан боғлиқ тадбирлар ўтказилади. Тадбир давомида қон топшириш истаги бўлган кишиларни ушбу савобли ишга таклиф этамиз.

Нодира АБДУЛЛАЕВА,

вилоят қон қуйиш маркази мутахассиси.