Донорлик – беғараз ёрдам

14 июннинг халқаро қон бериш, яъни донорлик куни деб эълон қилинишининг ўзига хос сабаби бор. 2005 йил Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси турли минтақа давлатлари соғлиқни сақлаш вазирликларини ихтиёрий равишда қон топшириш тўғрисидаги таклифларини ўрганиб, махсус резолюция қабул қилди. Унга мувофиқ, австралиялик врач иммунолог, одам қон гуруҳларини аниқлаган, Нобель мукофоти лауреати Карл Ландшдейнернинг туғилган куни шарафига 14 июнь - Халқаро донорлик куни деб эълон қилинди.

Қон топширувчилар 18 дан 60 ёшгача, 55 килодан ошиқ вазнга эга ва соғлом бўлиши керак. Бунинг учун аёлларда гемоглабин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши лозим. Ана шу талабларга жавоб берадиган соғлом аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкин. Муҳими, инсон танаси олинган қонни тезда ўрнини тўлдириш имкониятига эга. Қон топширган кишида саломатлик асло ёмонлашмайди, аксинча тана янги қон ишлаб чиқариши эвазига енгиллашади. Шунинг учун донор бўлишдан чўчимаслик керак.

Қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Шунинг учун вилоятимизда аҳолининг ихтиёрий равишда қон топширишларини рағбатлантириш учун марказимиз мутахассислари иштирокида тадбирлар ташкил этяпмиз. Жумладан, жорий йилнинг февраль ва апрель ойларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда "Эзгулик албатта қайтади" шиори остидаги хайрия донорлик акцияси ўтказилди. Бу тадбирларда 430 дан зиёд ёшлар, ҳарбийлар, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари қон топширди.

Бекзод ПЎЛАТОВ,

вилоят қон қуйиш маркази донорларни саралаш бўлими мудири.