15 сотих ерда ишлаб рўзғор тебратиб бўлади(ми?)

Ишсизлик муаммоси билан қийналаётган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашиш мақсадида зарур чора тадбирлар кўриляпти.

- Коррупциянинг олдини олиш мақсадида “аукцион” тизими йўлга қўйилди, - деган эди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Самарқанд шаҳрида ёшлар билан ўтказилган учрашувида. – Аввало, ҳокимлик томонидан ернинг ҳолати қай даражада эканлигини эълон қилиши керак. Ким ундан унумли фойдаланиш имкони бўлса, шу ерни аукцион орқали ютиб олиши мумкин. Унга ҳеч ким мажбурлаб ер бермайди. Кўп эшитаман, айрим жойларга сув етиб бормаслигидан деҳқончиликни бошлаган фуқаролар муаммога дуч келди. Бунинг турли сабаблари бор. Масалани жойига чиқиб ўрганиш лозим. 

Биз Иштихон туманида бўлиб, ишсиз ёшларга ажратилган ердан қай даражада фойдаланилаётгани билан қизиқдик.

Туманнинг Кўтарма маҳалласида 2022 йилда 54 нафар фуқарога, жумладан 42 нафар ёшга 15 сотихдан ер ажратилган. Бу йил эса 24 нафар ишсизга “Е-аукцион” платформаси орқали 30 йилга 30 сотихдан ер берилган. Бу яхши албатта, аммо ер турли ҳудудлардан ажратилади. Ҳар ҳудуднинг ўзига яраша муаммолари бор. Айрим жойларда сув етишмовчилиги бўлса, баъзи ҳудудлар ери шўрланган. 

- Тўғри, ҳудудлар ҳар хил, аммо ерни фуқаро ўз хоҳиши билан олади, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Зоҳид Абдуллаев. - Масалан, Муслим қишлоғида деҳқончилик қилиш бирмунча қийин. Бунга сабаб ернинг қиялиги, айрим жойларининг шўрлиги, шунингдек, сув муаммоси. Муслимликлар азалдан чорвачилик билан шуғулланиб келган. Ер олганларнинг барчаси ҳам деҳқончиликни эплаб кетолмаяпти. Аслида уларга ер мажбурлаб берилмаган. Истаса бошқа қишлоқ ҳудудидан ҳам олиши мумкин эди, аммо улар уйига яқин бўлишини истаган. Кўтарма қишлоғида яшайдиганларнинг эса ота-бобоси деҳқон бўлган. Бу ҳудудда ҳам 5-6 йилдан бери оқар сув муаммо эди. Аммо кўтармаликлар артезиан қудуқлари қаздириб, масалага ечим топган.

Ўтган йили мактабни битириб,  ўқишга киролмадим, - дейди кўтармалик Азамат Сайдуллаев. – Нима қилишни билмай юрганимда ҳоким ёрдамчиси ер бериш таклифини айтди. Аукцион орқали 30 сотих ер ютиб олдим. Бу йил биринчи марта деҳқончилик қилишим. Помидор экканмиз. Тўрт қўшни келишиб, сув чиқардик. Навбат билан суғориб, экинимизни парваришлаяпмиз. Ривожланиши яхши. Помидордан кейин бу ерга турп ва шолғом экиш ниятимиз бор.

Ҳақиқатан ҳам, Муслим қишлоғидаги ер олганларнинг айримлари унумли фойдалана олмаётганлиги туфайли уни қайтариш чораларини излаётган экан. Бунинг сабабини ҳоким ёрдамчиси шундай изоҳлайди:

- Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, муслимликлар орасида боқимандалик кайфиятидагилар топилади. Тўғри, 4-5 киши ерни қайтариш истагини билдирган. Нима эмиш, агар ер уларнинг номида бўлса, “бола пули” чиқмас экан. “Бола пули” ойига 600 минг сўмдан чиқса, бир йилда 7 миллион 200 минг сўм бўлади. У ерга меҳр бериб ишласа, 25-30 миллион сўмгача даромад олиш мумкин.

Туманнинг Чағатой маҳалласида ҳам ижтимоий “дафтар”ларга киритилган ишсизларга ер ажратилган. Ўтган йили баҳорда маҳалланинг Қўнғирот қишлоғида 28 нафар ёшга 15 сотихдан ер ажратилгани ҳақида газетамиз ва Zarnews.uz сайтида хабар берган эдик. Улар деҳқончилик мавсуми давомида ердан қай даражада фойдалангани билан ҳам қизиқдик.

Маҳаллада ёшлар етакчиси вазифасида иш бошлаганимда ўтказилган хатлов натижасида 41 нафар йигит-қизни ишсизлик муаммоси қийнаётгани маълум бўлди, – дейди Раҳматулла Муртозаев. – Уларнинг 28 нафарига 15 сотихдан ер ажратилди. Ўтган йили бу ерга помидор ва бодринг экиб, ҳар бири 10-15 миллион сўмдан даромад қилди. Тўғри, бу маблағ бир йил рўзғор тебратишга етмайди, аммо деҳқончилик қилишдан бўш вақтларида бошқа юмуш билан шуғулланиш ҳам мумкин. Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси уларга чорвачилик, асаларичилик ва бошқа тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун имкониятлар борлигини тушунтиряпти.

- 2019 йилда коллежни тугатиб, ишсиз юрган эдим, - дейди Алишер Сайдуллаев. – “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинганим учун ўтган йили баҳорда менга 15 сотих ер ажратилди. Помидор экдим. Бизга ажратилган майдон Митан ва Челак шаҳарчаларини боғловчи катта йўл ёқасида жойлашганлиги етиштирган маҳсулотимизни осон сотишимиз учун қўл келди. Шу ернинг ўзида бир килограмм помидорни 3,5-5 минг сўмдан пулладим. 10 миллион сўмдан зиёдроқ фойда кўрдим. Шу пулга 2 бош қорамол олдим. Уларни 3-4 ой боқиб, гўшт қилиб сотдим. Шунинг ҳисобига тўй қилдик. Уйландим. Бу йил ҳам деҳқончилик қиляпман. Бироз сув муаммосини ҳисобга олмасак, ҳаммаси жойида. Акам уйларни таъмирлайдиган уста. Бўш вақтларимда унга ёрдам бераман. 

Ҳудудларда имкониятлар бор, ҳар бир ёш ундан тўғри фойдалана олмайди. Имкониятларга яраша муаммолар йўқ эмас, масалага ечим топишда масъуллар ёшларга кўмакдош бўлса, йўл-йўриқ кўрсатса мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).