17 ойда 435 нафар мансабдор коррупция жинояти содир этган

Вилоят статистика бошқармасида тизимда коррупцияга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ўзгартиришларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Вилоят адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси масъул ходимлари, бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари вакиллари иштирок этган тадбирда билдирилишича, статистика тизимида коррупцияга йўл қўйган ходим билан меҳнат шартномаси қонунчиликка асосан бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирилган.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган беш ойида вилоятда 435 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятга қўл ургани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан ҳокимлик (19 нафар), мажбурий ижро бюроси (10 нафар), ички ишлар (13 нафар), адвокатура (10 нафар), солиқ (14 нафар), банк (51 нафар), соғлиқни сақлаш (36 нафар), халқ ва мактабгача таълим (67 нафар) ходимлари бор. Шунингдек, олий ва ўрта махсус таълим (4 нафар), қурилиш (5 нафар), энергетика (43 нафар), кадастр тизими (11 нафар), давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар (14 нафар) ва бошқа соҳаларда (138 нафар) ходим коррупциявий ҳолат аниқланган.

Семинарда вилоят адлия бошқармаси ходими Ориф Муҳаммадиев Конституцияга киритилган ўзгаришлар тўғрисида ҳам маълумот берди.