“18-квадрат” фильмини суратга олиш жараёни қандай кечган эди?

Самарқанд шаҳридаги 526-сафарбарлик чақируви резерви батальонида “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” ойлиги доирасида ўтказилган ижодий учрашув “Ўзбекистон киноматографияси: ўтмиш, бугун ва келажак” номли қисқа метражли фильм билан бошланди.

Учрашувда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирходиев ва Республика киноарбоблари уюшмаси раиси ўринбосари, драматург Жўрабек Рўзметовлар иштирок этиб, бугунги кунда кино санъатидаги янгиликлар, олинаётган фильмлар мазмун-моҳияти, Ватанни улуғловчи киноларимизни кўпайтириш борасида сўз юритди.

- “18-квадрат” фильмини олиш жараёнида бир йил ҳарбийлар билан бирга яшадим, - дейди Жаҳонгир Қосимов. – Уларнинг машаққатли ҳаёти, қийинчиликлари бегона эмас. Бугун уларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаш баробарида юртимиз тинчлиги учун уларга раҳмат айтмоқчиман.

Тадбир сўнггида “Ибрат” фильми намойиш этилди.

Фармон Розиқов,

“Республика кинопрокат маркази” Самарқанд вилоят бўлими раҳбари.