18 май - Халқаро музейлар куни: Самарқанд музейи қачон, ким томонидан ташкил этилган?

Самарқанд музейи Марказий Осиёдаги етакчи маданий-маърифий, илмий муассасалардан биридир. Музейнинг ташкил этилиши унинг коллекциясининг шаклланиши ва бойиб бориши билан бевосита боғлиқ.

Бу ҳаракат ўз даврининг маърифатли шахслари томонидан амалга оширилган. Хусусан, бунда М.Ростисловов, Л.Барщевский, савдогар Решетников, Мирзо Абдулла Бухорий, Мирзо Абду Раҳмон, М.Вирский, В.Вяткин, И.Пославскийларнинг ўрни катта.

Музей коллекцияси шаклланиши 1874 йилда Афросиёб шаҳар харобаларида истеъфодаги ҳарбий Борзенковнинг археологик қазиш ишлари билан боғлиқ. Унинг қазиш ишлари натижасида йиғилган ашёлар алоҳида топшириқлар бўйича амалдор М.Ростиславов раҳбарлигида Зарафшон округи губернатори канцеляриясида тўпланади. Айни вақтда қадимий ашёлар ва тангаларни сақлаш учун витриналар, столлар сотиб олинади. Коллекцияга қўшимча равишда М.Ростиславовнинг илтимосига кўра, қадимги қўлёзмалар ва тангалар Зарафшон округи губернаторлиги томонидан сотиб олинади.

Самарқанд музейида 1875 йил ўрталаридаёқ қабртошлар, қадимги ёзувлар ва бошқа уй-рўзғор буюмлари, 700 дона атрофида мис, кумуш, олтин тангалар ва тахминан 30 та қўлёзмадан иборат ашёлар бўлган. Коллекциянинг 1876 йилда Петербургда ўтказилган шарқшуносларнинг халқаро съезди кўргазмасида, 1879 йилда Москвада ўтказилган антропологик кўргазмада иштироки ҳам унинг нақадар бой ва хилма-хил бўлганлигини кўрсатади.

1883-1884 йилларда Самарқанд музей коллекциясининг катта қисми Тошкент музейига берилади. Коллекциянинг қолган қисми Зарафшон округи канцелярисида сақланиб, 1887 йилда Самарқанд вилоят статистика қўмитасига ўтказилади.

Шундан кейин коллекция учун алоҳида бино ажратилади. Ашёлар тўғрисидаги маълумотлар "Самарқанд вилояти маълумотномаси"да чоп этиб борилади.

1896 йил 21 июлда Самарқандда қадимги давр музейи очилди ва Самарқанд статистика қўмитаси музейи номини олди.

Музей ташкил этилган дастлабки кунларда унинг фонди асосан, турли шахслар томонидан совға қилинган ашёлар ҳисобига бойиди. Музейга ашё совға қилувчилар асосан маъмурий аппарат ходимлари, маҳаллий зиёлилар ва савдогарлардан иборат эди.

Музей очилишидан кўп ўтмасдан Л.Барщевский томонидан музейга топширилган қачонлардир ҳайвонлар ва ўсимликларнинг қотган таналари музейнинг палеонтология бўлимига тамал тошини қўйди. Шунингдек, Л.Барщевскийга Бухоро ва Самарқанд аҳолиси ҳаёти ва турмуш тарзига оид 200 та фотосурат буюртма қилинди. 1900 йилда музейга фотосуратчи Дудиннинг маҳаллий усталар томонидан ёғочдан ўйиб ясалган рамкага солинган “Дарвеш” картинаси совға қилинди.

Самарқанд музейи ташкил этилган дастлабки йилларда музей ходимлари томонидан олиб борилган илмий изланишлар натижасида Мирзо Улуғбекнинг улуғвор расадхонаси ўрни аниқланди, Амир Темур мақбараси хилхонаси ва гумбази таъмирланди.

Кейинги йилларда ҳам музей фонди бойиб борди. В.Бартольд ва В.Вяткинлар томонидан олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида йиғилган ашёлар ҳисобига археология фонди, Архангельский, Пелць, Богдановларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли табиат фонди бойитиб борди. Биргина табиат фондига 1920 йилгача бўлган даврда 500 турдаги гербарийлар келиб тушди. М.Массон Самарқанд музейида директор сифатида фаолият кўрсатган йилларда нумизматика фонди бир қанча Туркистон ҳукмдорлари тангалари, гемма ва муҳрлар билан бойитилади.

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.