19 йиллик абитуриент талаба бўла оладими?
18 йилдан буён талаба бўлиш орзусида бўлган самарқандлик Анвар Бекмуродов 2018 йилда ҳам СамДУ мусиқа факультетига ҳужжат топширди.
Аммо бу гал ҳам омади келмай, ижодий имтиҳондан 22 балл олиб, ўқишга кира олмади.
Билим олишга, касб ўрганишга бўлган иштиёқи сабаб Самарқанд вилоят ҳокимига оширилган тўлов контракт асосида ўқишга киришга ҳамда супер контрактни тўлаш учун узоқ муддатли таълим кредити олишга ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Мазкур мурожаат СамДУ ректори томонидан атрофлича ўрганилиб, Анвар Бекмуродовга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат қабул комиссияси мажлисининг 2018 йил 17 августдаги 6-сон баёнида 2018/2019 ўқув йили қабули бўйича кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, энг юқори баллнинг 30 фоизи (56,7)дан кам балл тўплаган, ўқиш истагини билдирган абитуриентлар учун оширилган тўлов-контракт асосида амалдаги тўлов контракт миқдорининг 20 баробарини тўлаб ўқиши мумкинлиги ёки 2019-2020 ўқув йилида олий ўқув юртига кириш учун университетнинг мусиқа кафедрасида ҳафтада уч маротаба бепул қўшимча дарс олиш имконияти мавжудлиги тушунтирилди.
Бугун Анвар Бекмуродов мусиқа факультети ўқитувчилари Жаводбек Козимов ва домла Раҳматовлар кўмагида мусиқа сирларини, ўзбек халқ кўйларини чалишни ўрганаяпти.
“Мутасадди раҳбарларнинг эътибори, ғамғўрлигига жавобан, албатта бу йил талаба бўламан”, - дейди 19 йиллик абитуриент.
Бахтигул ҚАРШИЕВА.