2 июль – Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун
1992 йил 2 июлда “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг рамзи - Давлатимиз гербини барча бирдек қадрлайди. Унда жонажон Ўзбекистонимизнинг том маънодаги асл тасвирини кўради: пурвиқор тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб турибди. Бу эса ўхшаши йўқ диёримиз мафтункорлигига ўзига хос ишорадир.
Гербнинг юқори қисмида республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Рамз марказида бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O‘zbekiston», деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида Ҳумо қуши ва дарёлар – кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O‘zbekiston» ёзуви – олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий – яшил рангда, чаноқлардаги пахта – оқ рангда, лента – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак – олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, ярим ой ва юлдузлар – оқ рангда тасвирланган.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, судлар, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига жойлаштирилган.
Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда акс эттирилган.