2-сектор ташаббуси: Ёшлар бандлигини таъминлашга янги ёндашув

Самарқанд шаҳар прокуратураси, 2-сектор ташаббуси билан “Касблар фестивали” ҳамда “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” шиори остида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирда касб-ҳунарга ўқитиш мактабларида касб-ҳунар ўрганаётган ўқувчи ёшлар, техникумлар талабалари ўз маҳоратларини намойиш этди.
– Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 27 январида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида сектор раҳбарларига ёшлар билан янгича ишлаш тизимини яратишда икки муҳим йўналишда аниқ топшириқларни берган эди, - дейди Самарқанд шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари Д.Сайидқулов. – Биринчи йўналишда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, иккинчи йўналишда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш белгиланган. Шу асосда бугунги тадбиримизда касб-ҳунар эгаллаш бўйича қандай имкониятлар мавжудигини бевосита ушбу касбларни ўрганаётган ёшлар мисолида кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик.
Бевосита рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2-сектор томонидан “1+1” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 107 нафар ишсиз ёшлар 34 нафар ҳунармандга, 69 нафар ёш қизлар 10 нафар тикувчига бириктирилиб, ҳунар ўрганмоқда.
Сектор ҳудудида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари"га киритилган ишсиз ёшлардан 361 нафари профессионал таълим тизимидаги касб-ҳунар мактаби ва техникумларда ташкил этилган қисқа муддатли қайта тайёрлов курсларига ўқишга жалб қилинган. Уларнинг барчаси билан ҳудудий бандлик бўлимлари, иш берувчи ташкилот ва профессионал таълим бошқармаси ўртасида тўрт томонлама шартнома имзоланган бўлиб, ўқув курсини битиргач улар иш билан таъминланади.
Тадбир доирасида ўтказилган меҳнат ярмаркасида шаҳарда фаолият юритаётган йигирмадан ортиқ саноат корхонаси 800 га яқин бўш ўринлари билан қатнашди. Ярмаркада 60 нафар ишсиз ва пробация хизматида рўйхатда турган 18 нафар ёшлар квота иш ўринларига жойлаштирилди. 7 нафар фуқаро қайта тайёрлов курсларига жўнатилди.
Шунингдек, тадбирда ёшларга касб-ҳунар ўргатишда фидойилик билан хизмат қилаётган ишчи ходимлар, ҳунармандлар ҳамда мактабларнинг фаол ва ташаббускор 30 битирувчиси, профессионаал таълим тизимининг маҳоратли 30 талабаси шаҳар прокуратурасининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Тижорат банклари томонидан 20 нафар ишсиз ёшга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун имтиёзли кредит олишга сертификатлар топширилди.
Алишер Исроилов.