2 сотих ердан 20 миллион сўм даромад: Пайариқлик деҳқон иссиқхонасида

Ҳар қарич ердан омилкорлик билан фойдаланишга қаратилаётган эътибор томорқа хўжалигини юксалтиришда сабаб бўляпти. Буни Пайариқ туманидаги маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин.

Хусусан, тумандаги Зарафшон маҳалласида томорқасидан унумли фойдаланиб, даромад топаётган хонадонлар кўп. Бунда маҳаллада аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган имтиёзлар муҳим рол ўйнаяпти.

- Авваллари ҳам томорқамизга турли сабзавотлар экиб, рўзғоримизга етарли ҳосил олиб тургандик, - дейди маҳалланинг Ривож қишлоғида яшовчи Зилола Ражабова. – Аммо бу фақат ёз мавсумидагина бўлиб, келгуси пишиқчиликкача бозордан сотиб олишга тўғри келарди. Шу сабаб ердан унумли фойдаланиш мақсадида иссиқхона ташкил қилишни ният қилдик. Бироқ уни қуришга етарли маблағимиз йўқ эди. Маҳалла раисининг маслаҳати билан имтиёзли кредит олдик. Бу ишда ҳоким ёрдамчиси кўмак берди. 30 миллион кредит маблағи билан хўжалигимизда иккита тўрт сотихли иссиқхона қурдик.

Томорқадаги бу иссиқхона бугун ушбу хонадоннинг даромад манбаига айланган. Улар томорқадан даромад олиш билан бирга аҳоли дастурхонининг қишда ҳам ёз маҳсулотлари билан таъминланишида ўз ҳиссасини қўшяпти.

- Исмалоқ, жағ-жағ экиб, қорли, қировли кунларда ҳам даромад қилдик, - дейди Зилола опа. - Баҳор келиши билан биринчи экинга бодринг экдик. Ҳосилга кириб, бозорга кунда-кун ора 100-150 кило бодринг сотамиз. Озгина деҳқончилик илмидан хабардор бўлсангиз етарли. Ортиқча меҳнати йўқ, муҳими, ҳосил ҳам увол бўлмайди. Керагини рўзғорга ишлатамиз, ортганини бозорга сотамиз. Рўзғоримизнинг камини бутлаб, қўшимча даромадга ҳам эга бўляпмиз.

Баҳордаёқ бодринг, помидор каби деҳқончилик маҳсулотларининг бозорларимизда сероб бўлаётганида бу каби деҳқонларнинг ўрни бор. Томорқасида беш сотихли иссиқхона ташкил қилиб, помидор етиштираётган Қаландар қишлоғида яшовчи Нилуфар Тошболтаева ҳам яратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланаётган томорқачи.

- Шу мўъжазгина иссиқхона рўзғоримизга барака келтирди, - дейди Н.Тошболтаева.  – Бошланишига 20 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи етарли бўлди. Бир мен эмас, оиламизда кимнинг бўш вақти бўлди дегунча иссиқхонадан хабардор бўлиб туради. Биринчи экин - помидорнинг ҳосилдорлиги яхши, бозорга олиб чиқишга тайёр.

Маҳалла раисининг таъкидлашича, иссиқхона қурган хонадон эгаларининг даромади ошгани сари хўжалигида иссиқхона ташкил қилиш истагини билдираётганларнинг ҳам сони ортаяпти.

- Маҳалламиз ҳудудида бирорта саноат корхонаси йўқ, - дейди Зарафшон маҳалласи раиси Собир Раҳимов. – Аҳолининг асосий даромади ердан – томорқачиликдан. Шу сабабдан маҳалла аҳолисига ажратилган имтиёзли кредитларнинг ҳам асосий қисмини томорқачиликка йўналтиряпмиз. Хусусан, жорий йил бошидан буён ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан эҳтиёжманд оилалар ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланишни мақсад қилган фуқароларга 356 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шу ажратилган маблағлар ҳисобидан 6 та иссиқхона ташкил қилинди.  

Маҳалла томорқаларини кузата туриб, мавжуд олтита қишлоқнинг барча хонадонларида бир қарич ҳам ер бекор ётмаганининг гувоҳи бўлдик. Айниқса, картошка экиш бу маҳаллада анъанага айланган, десак хато бўлмайди. Маҳалладаги мавжуд мингдан ошиқ хонадоннинг асосий қисмида 5 сотихдан 15-20 сотихгача бўлган майдонларда картошка етиштириляпти.

- Ёнимиздан оқиб ўтадиган Оқдарё  суви сабаб ҳудудда доимий салқин шабада эсиб туради, - дейди тажрибали деҳқон Шавкат Орипов – Бу картошка учун айни муддао. Шу боис азалдан бу ерда картошкадан мўл ҳосил олинган. Ҳозирда бошқа экин турлари ҳам етиштирилаётганидан картошка фақат аҳоли томорқаларида экилади. Ўзим ҳам 10 сотих ерга картошка экканман. Ҳозир айни гулга кирган пайти. Беш тонна ҳосил чамалаб турибман. Йил бўйи шу ерга икки марта картошка экиб оламан. Даромади ҳам шунга яраша, ейишлигимизни олиб қолиб, қолганини бозорда сотамиз.

Албатта, деҳқончиликда фақат даромадни ҳисоблаш нотўғри. Ерни тайёрлаб, уруғни қадаб, мўл ҳосил олгунча озмунча меҳнат талаб қилмайди. Аммо деҳқончиликнинг ҳадисини олган зарафшонликлар кафтдек ердан ҳам унумли фойдаланяпти, қилаётган ишларининг даромадини олиб, меҳнатларининг роҳатини кўряпти, қолаверса, бозорларимиз тўкинлиги ва халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссаларини қўшяпти.

Сулаймон Мардиев,

Фазлиддин Рўзибоев.