2006 йилда халқаро қидирувга берилган шахс Абу-Дабида қўлга олинди

Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси хабарига кўра, ушбу шахс 1972 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси С.M. бўлиб, у Жиноят кодексининг 155, 161, 242 ва 244-моддаларида назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган.

Шунинг учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 2006 йилда халқаро қидирувга берилган.

Олинган материаллар асосида ушбу шахснинг тахминий жойлашуви ҳақидаги маълумот Интерпол бош котибиятига юборилган. Фуқаро С.M. 2006 йилдан бошлаб АҚШ ҳудудида яшириниб юргани аниқланган.

2021 йилнинг сентябрь ойида Вашингтон ММБ томонидан фуқаро С.M. АҚШ ҳудудини тарк этгани тўғрисида маълумот келиб тушган.

Ўзбекистондаги Интерпол ММБ ва Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Даби Интерполи ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида фуқаро С.M. Абу-Дабига етиб келган кунидан беш кун ўтиб қўлга олинган. Ҳозирда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.