Йил бошидан қидирувда юрган 1 508 нафар ва бедарак йўқолган 157 нафар шахс аниқланди

Жорий йил 10 ойи мобайнида ИИВ тизими ходимлари томонидан 4000 дан зиёд жиноят фош этилган. Бу ҳақда АОКАда Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Шунингдек, қидирувда юрган 1 508 нафар ва бедарак йўқолган 157 нафар шахс аниқланган.

Ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган буюмларни олиб юрган жами 56 315 нафар шахс аниқланиб, улардан жами 56 406 дона (45 824 дона пичоқ, 800 дона бита, 1 122 дона кастет, сурикен ва кистени ҳамда 8 660 дона бошқа) ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли буюмлар олиб қўйилган.

Табиат бойликларини асраб-авайлаш, браконьерликка қарши кураш, қонунга хилоф равишда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ресурсларини овлаш, сотиш ва республикамиздан олиб чиқиш ҳоллари олдини олиш борасида ҳамкорликда 12 871 маротаба йўналтирилган рейдлар ва мақсадли текширувлар ўтказилиши натижасида жами 2 547 нафар ҳуқуқбузар аниқланди. Браконьерларга 6 млрд 119 млн 928 минг 600 сўм миқдорида жарима солинган.