2020 йил вилоятда иккита заргарлик маркази ташкил этилади
Вилоятимизда тилла буюмлардан ясалган заргарлик буюмларини таъмирлайдиган 81 нафар уста, тилла буюмлар савдоси билан шуғулланувчи 58 субъект бор. Ушбу соҳадаги ишчилар сони 178 нафарни ташкил этмоқда. Келтирилган рақамларда фақат қонуний равишда фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳисобга олинди, аслида бу соҳада меҳнат қилаётганлар бунданда кўпчиликни ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 18 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан сифатли заргарлик буюмлари ясашни кенгайтириш, тармоққа чет эл инвестициясини фаол жалб этиш бўйича тартиблар белгиланди. Яна рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ушбу тармоқни жадал ривожлантириш учун 2019 йил 1 июлдан бошлаб бир қатор янгиликлар жорий этилди.
Энди махсус лицензияга эга бўлган маҳаллий усталар ўзи ясаган заргарлик маҳсулоти ёки қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган бошқа буюмларнинг асиллик даражаси белгиси изларини ўзи қўяди. Жисмоний шахслар 5 минг АҚШ долларидан ортиқ заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда бошқа давлатга олиб чиқиши мумкин. Тадбиркорлар заргарлик буюмлари ясаш учун олтин изловчилик фаолияти доирасида қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олиш ҳуқуқига эга бўлди. Заргарлик борасида махсус лицензияга эга тадбиркорлар "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмасида ихтиёрий асосда ягона ташкилотга бирлашиб, иштирок этган тақдирда уларга нисбатан қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятлар, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари татбиқ этилади.
Фармон асосида ҳар бир вилоятда 2020 йил якунигача камида иккитадан тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган жараённи қамраб олган замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилади.
Ваҳоб Пўлатов,
вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бўлим бошлиғи.