Самарқанд халқаро аэропортида 81 миллион сўмлик заргарлик буюмлари тўхтатиб қолинди
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахслар божхона чегараси орқали божхона тўловларисиз 65 граммдан кўп бўлмаган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини олиб киришлари мумкин.
Шунга қарамасдан айрим "уддабурон"лар томонидан мамлакатимизга хориждан заргарлик буюмларини белгиланган меъёрдан ортиқча олиб келиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жумладан, “Истамбул-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан Самарқанд халқаро аэропортига учиб келган фуқаро Д.Н. “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида багаж сумкаси божхоначилар эътиборини тортади.
Натижада холислар иштирокида фуқаронинг багаж сумкаси кўздан кечирилганда, йўловчи божхона декларациясига ёзмасдан 81 миллион сўмлик 163,0 грамм заргарлик буюмларини олиб келаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.