2021 йил қанча қалбаки дори тарқалишига чек қўйилгани очиқланди

Ўзбекистонда 2021 йилда 7490 турдаги 1 миллион 578 минг 500 ўрам дори воситаси ва тиббий буюм экспертизадан ўтказилган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди

Маълум бўлишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси, стандартлаштириш маркази томонидан сифатсиз, контрафакт, яроқлилик муддати тугаган фармацевтик маҳсулотларни аниқлаш ҳамда экспертизадан ўтказиш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.

2021 йил марказга келган мурожаатларга кўра, 7490 турдаги 1 миллион 578 минг 500 ўрам дори воситаси ва тиббий буюм экспертизадан ўтказилган. Натижада:

- 1618 турдаги 72 минг 774 ўрам дори воситаси ёрлиқлаш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабига мос келмаслиги (контрафакт);

- 24 турдаги 13 785 ўрам қалбакилаштирилган дори бир неча маротаба такрорлангани;

- 396 турдаги 2794 ўрам дори воситаси ва тиббий буюмларнинг яроқлилик муддати тугагани;

- 2578 турдаги 709 минг 347 ўрам дори давлат рўйхатидан ўтмагани;

- 2874 турдаги 779 минг 800 ўрам дори воситасининг мувофиқлик сертификати мавжуд эмаслиги аниқланган ва қонуний чора кўрилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилинган.