2021 йилда давлат бюджетининг 0,8 фоизи инновацияларни ривожлантиришга йўналтирилади

Бу ҳақда Самарқанд шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, корхона ва ташкилотлар, олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида "Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияситараққиёт омили" мавзусида ўтказилган семинарда айтиб ўтилди.

Тадбирда таъкидланишича, 2021 йилга бориб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг 0,8 фоизи  миқдоридаги маблағ соҳани ривожлантириш учун йўналтирилади.

Бу маблағлар Ўзбекистонни 2030 йилга бориб, Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириши учун йўналтириляпти, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нўъмонжон Акбаров. – Бунга албатта, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш орқали эришилади. Бунинг учун жойларда янги ишланмалар, кашфиётлар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишимиз, тадбиркорликни ривожлантиришимиз, йирик ишлаб чиқариш комплексларини ишга туширишимиз лозим. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 сентябрдаги "2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони ҳам ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Шунингдек, семинарда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.Эшназаров вилоятимизда ахборот технологиялари соҳасида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Ўз мухбиримиз.