2023 йилда Самарқандда маҳаллий бюджетларга тушумлар ҳажми  4,8 триллион сўмга етиши кутилмоқда

Ўтган йил вилоятимизда барча соҳаларда ўсиш суръатлари кузатилди. Пандемия давридан кейин бундай ижобий ўзгариш иқтисодиёт тармоқлари барқарор ривожланаётганлигини кўрсатди. Эришилган натижалар ва тўпланган тажрибалар асосида жорий йилда кўрсаткичларни янада яхшилаш режаларини ишлаб чиқдик.

Хусусан, 2023 йилда вилоятимизда маҳаллий бюджетларга тушумлар ҳажмини 4 триллион 838 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган ва ўтган йилга нисбатан 32 фоиз ўсишга эришилади.

Бунинг учун 11880 та кичик бизнес субъекти ташкил этилади (2022 йилда 10706 та). Режага асосан ўтган йилга нисбатан 11 фоиз кўп аҳоли тадбиркорликка жалб қилиниб, йил якунигача қўшимча 20690 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинади. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам ўтган йилги 172,7 мингдан 190 мингтагача оширилади.

Албатта, бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши маблағга боғлиқ. Шу боис, ўтган йил аҳоли тадбиркорлиги учун 20 миллиард 254 миллион сўм субсидия йўналтирилган бўлса, жорий йилда бу миқдор 49 миллиард 750 миллион сўмга етади. Ўтган йили 3470 та микролойиҳа ва уй тадбиркорлиги лойиҳалари амалга оширилди, бу йил уларнинг сони 3889 тагача етказилади.

Вилоят иқтисодиётида хизмат кўрсатиш соҳаси асосий драйверлардан ҳисобланади ва бу тармоқда имкониятларимиз катта. Шу боис, соҳани янада ривожлантириш, аҳолини ушбу йўналишда тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам янги режалар ишлаб чиқдик. Жумладан, ташқи реклама объектини аукционга чиқариш йўналишида ўтган йили 1428 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, бу йил 2200 та объект савдога қўйилади. Кўчма хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилиши ҳам 2022 йилга нисбатан 233 фоизга оширилиб, 7369 тага етказилади. Маҳаллаларда хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш ҳажми ҳам ўтган йилгидан 11 фоизга оширилади.

2022 йилда вилоят бўйича 327 гектар бўш ер майдони 6709 та лотга бўлиниб, аукцион савдоларига чиқарилганди ва бу ўз самарасини берди. Шу боис, жорий йилда яна 331 гектар ер майдони 6776 та лотда савдога қўйилади. Бундан ташқари, саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик йўналишларида ташкил этиладиган микромарказлар учун тавсия этиладиган 44 та бўш ер майдони аукцион савдоларига чиқарилади.

Тадбиркорликни кенгайтириш иқтисодиётни ривожлантириш ва ишсизликни камайтиришнинг асоси ҳисобланади. Бу йўналишда ўтган йили 28,2 мингдан ортиқ фуқаро ишбилармонлик кўникмаларига ўқитилди, бу йил улар сони 34,5 мингдан ортади. Ҳунармандчиликни ташкил этиш, шогирдлар тайёрлашга 12 мингдан ортиқ аҳоли жаб этилганди, жорий йилда қамровни 3 фоизга оширамиз.

Ўтган йили бўш турган давлат мулки объектларининг 53 таси хусусийлаштирилди, 1519 таси ижарага берилди. 2023 йилда эса яна 73 та объектни хусусий секторга ўтказиш ва 2884 та объект ижарага бериш режалаштирилган.

Тажрибадан кўринадики, ер бериш фақат фуқарони иш билан таъминлаб қолмасдан, балки аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигига эришиш имконини беради. Шунинг учун ўтган йили ишсиз фуқароларга 8712 гектар ер майдони узоқ муддатга ижарага берилганди. Жорий йилда яна 7586 гектар ер майдонини шу тартибда аукционга чиқарилади.

2023 йилда вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун маҳаллий ҳокимият органлари ер участкаларида 166 та, йўлларга туташ ва электр узатиш тармоқларига туташ ҳудудларда 120 та электромобилларни қувватлаштириш станцияси ташкил этилади. 2022 йилда 200 та давлат-хусусий шериклик асосида ижтимоий ва хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилган бўлса, бу йил улар сони 227 тага етказилади.

Иқтисодиёт тармоқлари орасида оилавий тадбиркорлик анча самарали ҳисобланади. Вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 901,8 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган ва жорий йил якунигача бу миқдор 1 триллион 100 миллиард сўмга етказилади.

Бу режалар ижроси билан вилоятда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда сезиларли ўсиш суръатига эришилади ва асосийси аҳоли бандлиги таъминланиб, фаровонлик даражаси оширилади.

Феруз Абилов,
вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари в.в.б.