2023 йилда Самарқанддаги қурилишларда 18 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган

Ўтган йили қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан вилоятдаги 1071 та объект рўйхатга олинган ва ушбу объектларда 8110 маротаба мониторинг ўтказилган.

Ўрганишларда 18401 та қоидабузарлик аниқланиб, пудратчиларга 872 та, буюртмачиларга 2451 та, лойиҳачиларга 1556 та ёзма кўрсатмалар берилган.

Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал бошқармаси ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган 2023 йил сарҳисоби ва жорий йил режаларига бағишланган матбуот анжуманида соҳада бажарилган ишларга тўхталиб ўтилди.

Масъулларнинг билдиришича, аниқланган камчиликлар вақтида бартараф этилмаганлиги боис корхоналарнинг мансабдор шахсларига нисбатан 356 та, шундан пудратчиларга 90 та, буюртмачиларга 191 та ва лойиҳачиларга 75 та маъмурий жарима қўлланилган.     

- Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари қўпол равишда бузилган, яъни демонтаж қилиш бўйича 42 (шундан 6 тасида қаватлар ўзгартирилиши, 2 тасида конструкциялар бузилиши, 2 тасида сифатсиз қурилиш ишлари ва 32 та бошқа) ҳолат бўйича тўпланган материаллар судга юборилди, - дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Раҳимов. – Шунингдек, 730 ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилди. Ноқонуний қурилиш объектларини бартараф этиш бўйича 690 та мониторинг ўтказилди. Ўрганишларда  508 та ноқонуний қурилиш объектлари аниқланди ва 312 та маъмурий жарималар қўлланилди. Ҳозирда 4 та якка тартибдаги турар-жой тоифасидаги қурилмаларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. 210 тасининг шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилиб, инспекциядан рўйхатдан ўтказилишига эришилди. Қолган 294 та объект бўйича уларнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Шунингдек, ушбу объектлар бўйича 359 та огоҳлантириш хати, 365 та қурилишни тўхтатиш, маҳаллий ҳокимликларга 11 та ҳамда прокуратура органларига 61 та хатлар юборилди.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.