2024 йилда вилоят даромадлари қандай сарфланади?
Вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, 2023 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 74,1 триллион сўмни ташкил этган. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 17 миллион сўмдан зиёдроқ. Соҳалар кесимида қарайдиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 51,2 триллион сўм (113,7 фоиз), саноат маҳсулотлари ҳажми 32,7 триллион сўм (105,8 фоиз), хизматлар ҳажми 29 триллион сўм (113,7 фоиз), чакана савдо айланмаси ҳажми 30,2 триллион сўм (108 фоиз) ва қурилиш ҳажми 10,1 триллион сўм (108,9 фоиз)ни ташкил этган.
Солиштириш учун: бу даврда республиканинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 104,4 фоиз, саноат маҳсулотлари ҳажми 106 фоиз, хизматлар ҳажми 113,7 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 109,1 фоиз ва қурилиш ҳажми 106,4 фоизни ташкил этган.
2024 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,7 фоизга ўсиши кутилмоқда ва бюджет тушумининг 80 фоиздан ортиғи ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга сарфланади.
Шундай қилиб 2023 йилда ташаббусли бюджет лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 350 миллиард сўм сарфланган бўлса, жорий йилда бунинг учун 370 миллиард сўм ва қўшимча яна 40 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.
Шунингдек жорий йилда даромадлар режаси 5 триллион 191,3 миллиард сўмга белгиланган бўлиб, (ўтган йилга нисбатан 117 фоиз) харажатлар қисми 6 триллион 750 миллион сўмга режалаштирилган.
Жумладан, ижтимоий соҳага 4,3 триллион сўм, шундан, таълимга 1,3 триллион сўм ёки жами харажатларнинг 19 фоизи, соғлиқни сақлашга 2,7 триллион сўм ёки жами харажатларнинг 40 фоизини ташкил қилади. Марказлашган инвестицияларга 701,7 миллиард сўм (жами харажатларнинг 10 фоизи), ташаббусли бюджетга 458,3 миллиард сўм, иқтисодиёт харажатларига 610,9 миллиард сўм, шундан, ободонлаштиришга 263,7 миллиард сўм, ички йўлларни таъмирлаш учун 64 миллиард сўм, ветеринария соҳаси ташкилотларини сақлаш учун 50,1 миллиард сўм маблағ ажратилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб харажатлар қисмига қуйидаги ўзгаришлар киритилмоқда. Яъни, тегишинча вилоятларнинг вилоят бюджетларидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштирилади:
Солиқ қўмитасининг ҳудудий органларини сақлаш харажатлари (127,2 миллиард сўм), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий органларини сақлаш харажатлари (2,5 миллиард сўм), Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналарини сақлаш харажатлари (11,9 миллиард сўм), суд бошқарувчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар (1,8 миллиард сўм).
Касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларни сақлаш харажатлари (220,7 миллиард сўм) вилоят бюджетидан молиялаштирилади.
Республика бюджетидан эса кам таъминланган оилаларга болалар нафақаларини ва моддий ёрдамларни тўлаш(1 600 миллиард сўм), Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тизим ташкилотларини (болалар ва меҳрибонлик уйлари, вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари) сақлаш харажатлари (48,6 миллиард сўм), ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаларини, шунингдек сув омборларидан фойдаланиш бошқармаларини сақлаш харажатлари (194,3 миллиард сўм) ва маҳаллаларни нодавлат нотижорат ташкилот ва бюджетдан маблағ олувчи сифатида сақлаш харажатлари (89,4 миллиард сўм сўм) республика бюджетидан молиялаштирилиши белгиланган.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.