2024 йилда вилоятда болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамрови оширилади
Жорий йилда вилоятда 3-7 ёшли болалар қамрови 70,6 фоиздан 71,6 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун 8 та давлат, 5 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 325 та оилавий нодавлат МТТлар ташкил этилиб, жами 12 614 та ўрин яратилади.
Шунингдек, 10 та тўлиқ кунлик тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, уларга 250 нафар бола қамраб олинади. Бундан ташқари, 50 та бир йиллик бепул мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари тузилиб, уларга 971 нафар 6 ёшли болалар қамраб олинади.
Ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 26 та бўш гуруҳ хоналарни таъмирлаш ҳисобига 580 ўринли янги қувват яратиш ҳам кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда вилоят матбуот уйида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси жамоаси ва журналистлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидлаш жоизки, 2023 йилда янгидан 14 та давлат, 8 та ДХШ асосидаги ва 342 та оилавий нодавлат МТТлар ташкил этилиб, қўшимча 11 427 нафар болалар мактабгача таълим билан қамраб олинди. Инвестиция дастури асосида жами 113,2 млрд сўмлик маблағ эвазига 25 та давлат МТТларининг 4 таси янги қурилди ва 21 таси реконструкция қилинди.