2025 йилгача Қўшработда барча болалар боғчага қамраб олинади
Қўшработ туманида 2018 йилгача 17 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда боғча ёшидаги болаларнинг бор-йўғи 12 фоизи тарбияланар эди. Бу боғчаларда тарбияланувчилар учун шароитлар ҳам етарли эмасди. Бугун эса вазият бутунлай ўзгарган.
- Туманда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар 12 минг 235 нафарни ташкил этади, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Холбек Кўбаев. - Кейинги 2 йил ичида туманда 3 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти, 3 та давлат-хусусий шерикчилик асосида ҳамда 63 та оилавий боғча ташкил этилди. Бунинг натижасида болаларни мактабгача таълим ташкилотига қамраб олиш 12 фоиздан 43 фоизга ошди. Бу кўрсаткич жорий йилда яна 3 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ҳамда 25 та оилавий боғча ташкил этилиши ҳисобидан 20 фоизга ошиши кўзда тутилган.
Айни пайтда карантин сабаб тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари бўш турибди, аммо тарбиячилар ва тарбияланувчилар бўш ўтиргани йўқ.
- Туман мактабгача таълим бўлими вилоятда биринчилардан бўлиб, телеграмда гуруҳ ташкил этган эди, - дейди Ҳ.Кўбаев. – Бу гуруҳга ота-оналар ва тарбиячилар аъзо бўлиб, мунтазам равишда онлайн машғулотлар олиб борилмоқда. Шунингдек, «Ижодкор оила», «Ижодкор тарбиячи», «Ижодкор тарбияланувчи» номинациялари бўйича турли хил танловлар ҳам ташкил этиб келинмоқда.
Бугунги кунда туманда 8 та мактабгача таълим ташкилотининг янги бинолари фойдаланишга топширилиш учун шай ҳолатда турибди. Шулардан бири Қўшработ маҳалласида жойлашган 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биносидир. Мазкур замонавий 2 қаватли бинони қуриш учун 2 миллиард 698 миллион сўм маблағ сарфланган. Боғча болажонларни бағрига олишга тайёр турибди. Бино заллари ва хоналар кўргазмали қуроллар билан безатилган.
- Тарбиячиларимиз чиқинди материаллардан турли хил ўйинчоқлар, гуллар, китоблар ясаган, - дейди мактабгача таълим ташкилоти мудираси Марҳабо Ҳусанова. – Масалан, турли эртак қаҳрамонларининг расмларидан қирқиб ясалган аппликациялар жойлаштирилган «жонли» китобларимиз болалар учун жуда қизиқарли ва эсда қоларли.
2025 йилгача тумандаги 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болажонларни тўлиқ мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш режалаштирилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.