2026 йил вилоятда 174 та боғча ташкил этилади
Йилдан йилга аҳоли сонининг кўпайиб бораётгани мактабгача таълим ташкилотларига бўлган эҳтиёжнинг ҳам ошишига сабаб бўлмоқда. Шу боис бугун давлат қарамоғидан ташқари, хусусий, давлат-хусусий шериклик асосидаги ёки оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятига кенг имконият берилмоқда.
Биргина 2025 йилда вилоятда 132 та (11 та давлат, 8 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 113 та оилавий нодавлат) мактабгача таълим ташкилотлари очилди. Бунинг ҳисобига вилоятда қўшимча 11 761 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 3,5 фоизга ошган. Натижада вилоятда мактабгача ёшдаги болаларнинг 75,6 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.
- Мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини кенгайтириш мақсадида қамров даражаси паст бўлган олис ҳудудларда, жумладан, Булунғур туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактабида 2 та, 70-умумий ўрта таълим мактабида 2 та ҳамда Каттақўрғон туманидаги 104-умумий ўрта таълим мактабида 3 та, 67-умумий ўрта таълим мактабида 3 та жами 10 та гуруҳ “Ақлвой” лойиҳаси доирасида ташкил этилди, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. - Шунингдек, замонавий талабларга жавоб берадиган ва қайта жиҳозланган 2 та ISUZU автобуси негизида 174 нафар боғча ёшидаги болаларга таълим-тарбия бериш йўлга қўйилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида вилоятдаги 763 та мактабгача таълим ташкилотларига умумий қиймати 8 миллиард 150 миллион сўмлик 763 та ўйин майдончаси ҳамда тайёрлов гуруҳлари учун стол-стуллар етказиб берилган.
Тойлоқдаги Илк ривожланиш маркази тажрибаси асосида Иштихон, Оқдарё, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида ҳам шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 1500 ўрин яратилди.
Вилоятда 2026 йил 16 та “Келажак авлод боғчалари”, 19 та давлат-хусусий шериклик асосида, 139 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш режалаштирилмоқда. Натижада мактабгача таълим ташкилотларига қамров 77,1 фоизга етказилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.