2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди

Давлатимиз раҳбари шу йил 15 май куни “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” Қарор қабул қилди.
Қарорда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этишда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш, экологик ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жамиятимиз аъзоларининг экологик маданиятини оширишда аҳолининг барча қатламлари қамраб олинганлиги, бунда комплекс вазифалар мажмуаси белгилаб берилганлиги аҳамиятлидир. Қарорга кўра, 2030 йилга қадар 3,3 миллион нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида экологик маданият шаклланишига эришиш, 4,2 миллион нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбияни мустаҳкамлаш, экологик маданиятни юксалтириш белгиланди.
Бугунги кунда ер ости ва ер усти бойликларидан соф иқтисодий утилитар-меркантил манфаатлар йўлида фойдаланиш “табиат–жамият–инсон” тизимидаги муносабатларнинг кун сайин бузилишига, бу эса ўз навбатида, ақлбовар қилмас янги экологик муаммоларнинг юзага келишига олиб келаётганлиги сир эмас. Бу муаммоларни бартараф этиш бугунги кунда инсоният олдидаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Президент қарорида аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланиб, унда асосий мезон экологик саводхонлик ва маданият аввало оиладан бошланишига эътибор қаратилган.
Гап шундаки, экологик дуёнқарашни шакллантиришнинг негизи оиладаги тарбияга бевосита боғлиқ. Агар бу масалага оиладаги тарбиядан бошлаб эътибор қаратилмаса, уни мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактабларида, кейинги таълим босқичларида ҳамда меҳнат жамоаларида мукаммал қарор топтириш қийин бўлади.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган дастурда ҳам ушбу ўта долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Партиямизнинг сайловолди дастурларида экология фани, авваламбор, боғчалардан бошланиши, ўрта таълимда эса алоҳида фан сифатида киритилиши таклифи илгари сурилган.
Келинг, бир мушоҳада қилайлик. Буларнинг барчаси нима беради?
Болалар боғчаларида атроф-муҳит, табиат ва экологик тушунчалар бериш, умумтаълим мактабларида асосан, табиатшунослик дарсларида ўқитувчиларга экологик таълим-тарбия ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Ўлкамизнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ер ости ва ер усти бойликлари, улардан оқилона фойдаланишнинг самараси, ушбу бойликларни муҳофаза қилиш кераклиги ҳақидаги масалалар билан ёшларни мактаб партасидан кенг таништириб бориш ўзининг ижобий самарасини беради.
Экологик маданиятни шакллантиришни дарсдан ташқари машғулотларда ҳамда синфдан ташқари ўтказиладиган тадбирларда ва экскурсиялар чоғида амалга оширилиши ҳам яхши самара беради. Бунда ўқувчилар ўртасида турли мавзуларда қизиқарли савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар ва суҳбатлар уюштириш, табиат қўйнига саёҳатлар уюштириш, экологик йўналишдаги тўгаракларни ташкил этиш, шу мазмундаги кечалар ўтказиш ўқувчилар хотирасида узоқ сақланади.
Маҳаллаларда, корхона-ташкилотларда эса бу масалага янада масъулият билан ёндашиш лозим. Аҳоли яшаш жойларини, ўз уйимиз, ҳовлимизни тоза-озода сақлашимиз, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилишини таъминлашимиз, дарахтзорлар, кўкаламзор масканларни кўпроқ яратиб, табиатга ниҳоятда эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз зарур. Ёш авлод бу эзгу ишларни биз, катталардан ўрганиши ва биздан ўрнак олишини доимо ҳис этишимиз керак.
Хўжақул Муҳаммадиев, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши ижроия қўмитаси раиси.