22 март - Бутунжаҳон сув куни
Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеясининг 1992 йил 22 декабрдаги қарори билан таъсис этилган.
Бутунжаҳон сув кунининг асосий мақсади - 2030 йилга қадар «Сув ва санитария шароитлари – барчага» лойиҳасини амалга ошириш учун ҳаракатларга илҳомлантиришдир.
Маълумки, Ер юзасининг 70 фоизи сув билан қопланган, аммо деярли барчаси шўрдир. Чучук сув ҳавзаларининг улуши тахминан 2,5 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, чучук сувнинг кўп қисми музликларда жамдир.
Сув ресурслари бандлик нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, бу ўз навбатида иқтисодий, ижтимоий ва инсоний ривожланишни қўллаб-қувватлайди.
Бироқ, чучук сув ресурслари Ерда бир хил тақсимланмаган.
Маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида сайёрамиздаги чучук сув захиралари 20 фоиздан кўпроққа камайди.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда 2,2 миллиард одам хавфсиз сувдан маҳрумдир. Дунёдаги қурғоқчил ҳудудларнинг аксарияти ер ости сувларига тўлиқ боғлиқ. Ер ости сувлари биз ичимлик, санитария, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва саноат жараёнлари учун фойдаланадиган сувнинг катта қисмини таъминлайди. Улар, шунингдек, сув-ботқоқ ерлар ва дарёлар каби экотизимларнинг соғлом ишлаши учун жуда муҳимдир.