Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун

Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек музей-мажмуасида улуғ олим ва темурий ҳукмдор Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди.

Унда вилоят ва шаҳар жамоатчилиги вакиллари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ёшлар, маҳаллалар фаоллари ва хорижлик сайёҳлар иштирок этди. 

Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Самарқанд давлат музей- қўриқхонаси раҳбари Хўжақул Муҳаммадиев ва бошқалар Мирзо Улуғбекнинг ҳукмдор ва буюк астроном сифатидаги фаолияти ҳақида сўз юритдилар.

– Ўтган йил вилоятимизга келган Хитой минтақалари раҳбарларидан бирига Мирзо Улуғбекнинг хитой тилида нашр этилган “Зижи жадиди Кўрагоний” китобини совға қилгандик, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов. – Кейин биз хитойга борганимизда ўша раҳбар билан учрашувда у китобни ўқиб чиққанини айтиб, бундан олти аср аввал улуғ бобомизнинг 1018 та юлдузнинг жойлашуви ҳақида ёзганлари бугун фан-техника ривожланган даврда аниқланган маълумотлардан деярли фарқ қилмаслигидан ҳайратда эканлигини яширмаганди. Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев эса бугун мамлакатимиз астроном олимлари эришаётган натижалар Мирзо Улуғбек сингари алломаларимизнинг илмий мероси самараси эканлигини қайд этди.

Тадбирда самарқандлик ижодкорлар, мактаб ўқувчилари улуғ султон ва олим мадҳ этилган ижод намуналарини ўқишди. 

Маросим якунида Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига гуллар қўйилди. 

Шундан сўнг тадбир қатнашчилари аллома музейида намойиш этилаётган экспонатлар, ноёб ашёлар билан танишди.

Сана муносабати билан Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига оид кўргазма очилди. Унда Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг археология, этнография, ҳужжатлар, тасвирий санъат фондларидаги энг сара асарлар орқали улуғ аждодимизнинг серқирра ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган.