25 май - Халқаро йўқолган болалар куни
Буни кўпчилик билмас, аммо ҳар йили 25 май куни бутун дунёда Халқаро бедарак кетган болалар куни нишонланади.
Йўқолган болалар муаммосига махсус кунни бағишлаш ғояси биринчи бўлиб АҚШда пайдо бўлган. 1979 йил 25 май куни мактабдан келаётиб, олти ёшли америкалик бола Этан Патц ғойиб бўлди ва топилмади. Орадан тўрт йил ўтиб, АҚШ президенти Рональд Рейган 25 майни бедарак йўқолган болалар куни деб эълон қилди.
1984 йилда Қўшма Штатларда бедарак йўқолган ва эксплуатация қилинаётган болалар миллий маркази (NCMEC) ташкил этилди.
Американинг ташаббуси Европада қўллаб-қувватланди. 1998 йилда бедарак йўқолган ва эксплуатация қилинган болаларни қидириш бўйича Халқаро Марказ (ICMEC) ташкил топди. Шу йили дунё бўйлаб йўқолган болалар тўғрисидаги фотосурат ва кўп тилли маълумотлар базаси - Глобал «Missing Children Centers Network» яратилди.
2001 йилда бедарак кетган ва эксплуатация қилинган болаларни излаш Халқаро марказининг саъй-ҳаракатлари туфайли 25 май илк бор Халқаро бедарак кетган болалар куни сифатида нишонланди.
Халқаро йўқолган болалар куни тадбирларининг мақсади - болалар ўғирланиши, қийин ҳаётий вазият ва ноқонуний эксплуатациядан ҳимоя қилиш муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилишдир.
Ушбу кунининг рамзий белгиси – кўк бўтакўз гулларидир.