30 минг долларга Америкага юбормоқчи бўлган яна бир фирибгар қўлга олинди
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорликда ноқонуний миграцияга қарши кураш йўналишида олиб борилаётган тезкор тадбир давомида ушбу фирибгарлик ҳолатини аниқлади.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида туғилган, ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи С.П. маҳаллий фуқаро Ғ.А.нинг ишончига кириб, уни 30 минг АҚШ доллари эвазига "ўзининг қўли узун танишлари" орқали Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари бериши кераклигини, қолган 20 минг АҚШ долларини эса АҚШга етиб борганидан сўнг бериши мумкинлигини маълум қилган.
С.П. "мижози" Ғ.А.дан келишилган пулнинг 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтда холислар иштирокида қўлга олиниб, далилий ашёлар тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан С.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилмоқда.
Чет давлатларга ноқонуний йўллар билан чиқиш илинжида ўз тақдирингизни хавф остига қўйиш билан бирга юқоридаги сингари ҳолатлардан "унумли" фойдаланиб қоладиган "учарлар"га хўрак бўлманг!